Қоидабузар чемпион ва эътиборсиз қолган шахматчи – Спорт дайжести

Спорт

Ортда қолаётган ҳафта ўзбек шахмати учун муҳим ва унутилмас бўлди. Венгрияда ўтган Олимпиадада ўзбек шахматчиларининг муносиб иштироки таҳсинга сазовор, бироқ шахматчилар юртга қайтганидан сўнг улардан бирининг муносиб тақдирланмаслиги тугаётган ҳафтанинг муҳим ва баҳсли мавзуларидан бири бўлди. Париж-2024 Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган боксчи Асадхўжа Мўйдинхўжаевнинг Тошкент кўчаларида катта тезликда Президент совға қилган автомобилда ҳаракатланиши ва бунинг оқибатида жарима тўлаши ҳам жамоатчиликнинг муҳокамаси марказида бўлганини таъкидлаш жоиз.

Ассалому алайкум. Шу ва яна бир қатор спорт оламининг муҳим мавзулари билан QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.

Шахмат Олимпиадаси совриндори машина берилмаганидан хафа эканини билдирди

45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг тахталар кесимида 5-тахтада кумуш медалга сазовор бўлган Нодира Нодиржонова ОАВга қизлар жамоасига машина ва пул мукофоти каби совғалар берилмаганидан хафа бўлганини айтди.

“Шахматчи қизларга автомашина берилмаганидан, албатта, хафаман. Ёзги Олимпиада иштирокчиларини яхши тақдирлашди, паралимпиячиларни ҳам яхши тақдирлашди. Кумуш медални олишим осон бўлмади, бор кучим ва энергиямни бериб, ҳаракат қилдим”, дейди Нодиржонова.

Қайд этиш жоиз, 2022 йилги Президент қарорида Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси ўйинларида медални қўлга киритган спортчилар тақдирланиши белгилаб қўйилган. Унга кўра, шахмат Олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган спортчига базавий ҳисоблаш миқдорининг минг баравари берилиши керак, бироқ Нодиржоновага ҳеч қандай мукофот пули ҳам, автомобиль ҳам берилмади.

Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистон сафига қайтиши мумкин – Алишер Саъдуллаев

Америка Қўшма Штатлари аёллар жамоаси сафида 45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида совриндор бўлган асли ўзбекистонлик гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова келгусида яна Ўзбекистон жамоаси сафига қайтиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбари Алишер Саъдуллаев QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. “Гулруҳбегимнинг ўзига ҳам, яқинларига ҳам Ўзбекистонга қайтиш таклифини берганмиз. Албатта, унинг юртга қайтиш нияти бор, деб ўйлайман. Гулруҳбегим Ўзбекистонга керак, чунки унинг яхши салоҳияти бор. У 2026 йилда Ўзбекистон сафида Олимпиадада иштирок этса, жуда хурсанд бўлардик”, дейди Саъдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, 25 ёшли Тоҳиржонова Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг 8-турида 1-тахтада Ўзбекистон аёллар жамоаси вакили Афруза Ҳамдамовага қарши ўйинда иштирок этишни истамаганди.

Асадхўжа Мўйдинхўжаев Президент совға қилган Tahoe’да 110 км/соат тезлик билан ҳаракатланди 

Париж Олимпиадаси чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев Тошкент кўчалари бўйлаб Tahoe’да 110 км/соат тезликда ҳаракатланди. У жараён акс этган видеони ўз Instagram саҳифасига жойлади.

Маълумки, Тошкент шаҳрида эса автомобиллар учун чекланган тезлик 60 км/соатни ташкил қилади. Видео кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлгач, спортчининг саҳифасидан ўчириб юборилди.

Маълумот учун, Асадхўжа Мўйдинхўжаев 71 кг гача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон бокс терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. У Париж-2024 ёзги Олимпиада ўйинларининг финал баҳсида Мексика вакили Марко Алонсо Верде Алваресга қарши рингга кўтарилди ва уни мағлуб этиб, Париж Олимпиадасининг олтин медалига эга чиқди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Париж Олимпиадаси 8 та олтин медаль эгасининг ҳар бирига 200 минг АҚШ доллари, Тошкент шаҳридан 2 қаватли коттеж ва Tahoe автомобили, 2-ўрин соҳибларига 100 минг АҚШ доллари, 2 қаватли коттеж ва BYD Song Plus Champion, бронза медали эгаларига ҳам уй ҳамда BYD, шунингдек, 50 минг АҚШ доллари тақдим этилгани ҳақида хабар берилган эди.

Тезликни оширган Олимпия чемпиони жаримага тортилди

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Париж-2024 Олимпиадасида чемпионликни қўлга киритган боксчи Асадхўжа Мўйдинхўжаевнинг Президент совғаси – Tahoe автомобилида чекланган 60 км/соат меъёрни бузиб, 110 км/соат тезликда ҳаракатлангани акс этган видеоси тарқалган эди.

Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг маълум қилишича, тезликни белгиланган меъёрлардан ошириб ҳаракатланган Tahoe автомашинаси ҳайдовчисига чора кўрилиб, у 3 миллион 60 минг сўм миқдорда жаримага тортилган.   Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳайдовчи 2001 йилда туғилган М.А.га  нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-3-моддаси 3-қисмига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳайдовчи билан профилактик суҳбат олиб борилган.

Баскетбол федерацияси раҳбарлари ташкилот маблағларини талон-торож қилди

Баскетбол федерацияси раҳбарлари ташкилот маблағини ўз эҳтиёжи йўлида талон-торож қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Қайд этилишича, Баскетбол федерацияси ижрочи директори Ю.С. ва иш бошқарувчиси С.И. жиноий тил бириктириб, С.И.нинг онаси ва укаси номига “S.A.G” МЧЖ ташкил қилиб, спортчилар соғлиғини мониторинг қилишга мўлжалланган 2 дона махсус ускуна учун федерациядан 197 млн сўм маблағни жамият ҳисобига ўтказиб, талон-торож қилган. Ускуналар етказиб берилмаган.

Шунингдек, 1-вице-президент Х.Г. федерацияга тегишли бўлган корпоратив пластик картадан ноқонуний равишда шахсий эҳтиёжлари учун 162 млн сўм маблағни ечиб олиб, ўзлаштирган.

Бундан ташқари, юқоридаги мансабдор шахслар томонидан федерацияга гўёки ҳомийларни жалб қилиш хизматларини кўрсатиш ҳақида сохта шартнома расмийлаштирилиб, федерациянинг 130 млн сўм маблағи ўзлаштирилган.

Бош прокуратурага кўра, аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган. Шунингдек, суд ҳукми билан айбдорларга тегишли жазо чоралари қўлланган. Бу жазо чоралари қандай эканига аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон сузиш федерацияси мансабдор шахслари томонидан сузиш спорти учун ажратилган маблағлар ҳисобидан терма жамоа аъзоси бўлмаган, аслида федерация Бош котиби А.Г.нинг оила аъзолари бўлган Н.Г., М.Г ва бошқа жами 15 нафар фуқароларни Туркия давлатига дам олишга юбориб, 405 млн сўм маблағ талон-торож қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Саъдуллаев Баскетбол Гулруҳбегим Тоҳиржонова Асадхўжа Мўйдинхўжаев Шахмат Олимпиадаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made