Қобул аэропортида Италиянинг ҳарбий самолёти ўққа тутилди 

Олам 13180
image

Италия Ҳарбий ҳаво кучларининг самолёти Қобул аэропортида ўққа тутилди. Ҳаво транспорти Афғонистонда эвакуация билан шуғулланаётган бўлган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” газетаси ёзмоқда. 

Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ. Самолёт эса аллақачон, Кувайтдаги авиабазага қўнган.

Маълум қилинишича, ўққа тутилган C-130J ҳарбий-транспорт самолёти бортида журналистлар ва 98 фуқаро бўлган.

Тахминларга кўра, самолёт ҳавога кўтарилгач, оғир автоматлар билан аэропорт ташқарисидаги қўшни тепаликдан ўққа тутилган.

Эслатиб ўтамиз, “Толибон” Қобул аэропортига ИШИД ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида НАТОга маълумот юборган эди.

“Толибон” вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид таҳдид “кичик ва ноаниқ” эканлигини айтганди. Лекин, у толибларнинг номини қорага чиқаришга уриниш билан боғлиқ фитна уюштирилиши ҳақида хабар берган.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан  "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди. Бироқ, улар айни вақтда уй қамоғига олинган.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 262
Рейтинг: 2.9
t
×