БМТ “Толибон”га қарши санкциялар рўйхатини янгилади

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик Кенгашининг санкциялар қўмитаси “Толибон”нинг бир қатор юқори лавозимли аъзолари ва расмийларини санкциялар рўйхатига киритилган шахслар сифатида янгилади. Бу ҳақда “Afghanistan International” хабар беди.

Қайд этилишича, рўйхатга “Толибон” бош вазири Муҳаммад Ҳасан Охунд, унинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Бародар ҳамда ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний киритилган.

Янгиланган маълумотларга кўра, жами 22 нафар “Толибон” вакили БМТ томонидан жорий этилган саёҳат тақиқи, мол-мулкни музлатиш ва қурол-яроғ эмбаргосига дучор этилган.
Санкциялар рўйхати 10 март куни янгиланган. Янги рўйхатга кўра, “Толибон” ҳукуматидаги кўплаб вазирлар ва юқори лавозимли шахслар ҳанузгача БМТ санкциялари остида қолмоқда.

Санкция қўйилганлар орасида қуйидагилар бор:

  • бош вазир Муҳаммад Ҳасан Охунд;
  • иқтисодий масалалар бўйича бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Барадар;
  • маъмурий ўринбосар Абдул Салам Ҳанафи;
  • ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки;
  • ички ишлар вазири Сиражуддин Ҳаққоний;
  • қочқинлар ва қайтиш масалалари вазири Абдул Кабир;
  • қишлоқ хўжалиги вазири Абдул Латиф Мансур;
  • транспорт ва фуқаро авиацияси вазири Фазл Муҳаммад Мазлум;
  • собиқ олий таълим вазири Абдул Бақи Ҳаққоний;
  • иқтисодиёт вазири Дин Муҳаммад Ҳаниф;
  • туризм бўйича ўринбосар Қудратуллоҳ Жамол;
  • табиий офатларни бошқариш агентлиги раҳбари Нуриддин Турабий;
  • жамоат ишлари вазири Муҳаммад Исо Охунд;
  • шаҳарсозлик вазири Нажибуллоҳ Ҳаққоний;
  • ҳаж ва диний ишлар вазири Нур Муҳаммад Сақиб;
  • разведка хизмати раҳбари Абдул Ҳақ Восиқ;
  • Майдон Вардак вилояти губернатори Хайруллоҳ Хайрхўа.

Шунингдек, Ҳамидуллоҳ Охунд, Азиз-ур-Раҳмон, Гул Оға Ишоқзай, Малик Нурзай ва Аҳмад Зиё Оға каби бошқа айрим шахслар ҳам санкциялар рўйхатида қолмоқда.

Буюк Британия ҳукумати ҳам ушбу шахсларга нисбатан ўз санкцияларини сақлаб қолган. БМТ янгиланишидан бир кун ўтиб, Британия ўз рўйхатини қайта кўриб чиқди ва айрим “Толибон” вакилларининг Покистон паспорт маълумотларини олиб ташлаган.

Бироқ, “Толибон”нинг раҳбари Ҳибатуллоҳ Охундзода номи рўйхатда кўрсатилмаган. Унинг киритилмаган сабаби ҳозирча аниқ эмас.

Мазкур шахслар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1988-резолюцияси асосида санкцияланган. Рўйхатдаги шахслар фақат Хавфсизлик Кенгашининг махсус рухсати билан БМТ аъзоси бўлган давлатларга сафар қилиши мумкин.

Шунингдек, санкциялар зўравонлик ҳаракатларида иштирок этган, қурол етказиб берган, жангариларни ёллаган ёки Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи фаолиятни қўллаб-қувватлаган шахсларга нисбатан қўлланади.

Жорий йилнинг 14 март куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши “Толибон” бўйича санкцияларни кузатувчи гуруҳ ваколатини яна бир йилга узайтиришни бир овоздан маъқуллади. Қарор лойиҳаси АҚШ томонидан тайёрланган.

Сўнгги 4 йилдан ортиқ вақт давомида “Толибон” санкцияларни бекор қилишни талаб қилиб келмоқда. Бироқ Афғонистонда айрим террорчи гуруҳларнинг мавжудлиги, аёлларга нисбатан чекловлар ҳамда инклюзив ҳукуматнинг йўқлиги сабабли Хавфсизлик Кенгаши санкцияларни сақлаб қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

санкция Хавфсизлик Кенгаши Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Толибон”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг