“Толибон” Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзайни уй қамоғига олди – CNN
Олам
−
26 Август 2021
13382Аввалроқ, “Толибон” Афғонистон Миллий ярашув Олий Кенгаши раиси Абдулла Абдулла ва собиқ Президент Ҳамид Карзайнинг тан соқчиларини қуролсизлантиргани ҳақида хабар берган эдик. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Унинг манбасига кўра, қўриқчилар қуролсизлантирилгач, уларнинг автомобиллари ҳам мусодара қилинган. Кеча, 25 август куни Ҳамид Карзай Абдулла Абдулланинг дастлаб тинтув ўтказилган уйига кўчиб ўтган.
Натижада ҳокимиятни олдинги ҳукуматдан “Толибон”га тинч йўл билан ўтказиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг иккала аъзоси ҳам ҳимоясиз қолган.
CNN телеканалига кўра, Карзай ва Абдулла амалда уй қамоғида бўлиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь