“Толибон” Афғонистоннинг собиқ президентига нисбатан чекловларни кучайтирди – манба

Олам

image

“Толибон” ҳукумати Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзайнинг ҳатто туғилган вилояти Қандаҳорга боришини ҳам тақиқлагани, унинг сафарлари ва учрашувларига нисбатан қатъий чекловлар ўрнатгани айтилмоқда. Бу ҳақда “Afghanistan International” манбалари хабар берди.

Манбаларга кўра, сўнгги ойларда Карзайга нисбатан чекловлар янада кучайтирилган. Хусусан, унинг мамлакат ичида сафар қилиши ва сиёсий учрашувлар ўтказиши янада қаттиқ назоратга олинган.

Маълумотларга кўра, Карзай сўнгги йилларда бир неча марта Қандаҳорга бориб, қариндошлари, қабила оқсоқоллари ва дўстлари билан учрашишга уринган, аммо “Толибон” унинг вилоятга ташриф буюришига рухсат бермаган. 

Манбалардан бирининг айтишича, “Толибон” Карзай Қандаҳор ёки бошқа вилоятларга борса, у кенг жамоатчилик томонидан катта кутиб олиниши, бу эса унинг сиёсий нуфузи ва таъсирини қайта тиклаши мумкинлигидан хавотирда.

Яна бир манбага кўра, унинг ижтимоий ва сиёсий фаолиятига доир чекловлар ҳам кучайтирилган. Айтилишича, Карзай маҳаллий ёки хорижий шахслар, дипломатлар ва сиёсий етакчилар билан “Толибон” рухсатисиз учраша олмайди.

Манбаларнинг таъкидлашича, “Толибон” Карзайнинг айрим Ошуро маросимларида қатнашишига ҳамда Эрон Ислом Республикасининг собиқ раҳбари Али Хоманаийнинг жанозасида иштирок этишига ҳам тўсқинлик қилган. 

Шунингдек, манбаларга кўра, “Толибон”нинг айрим юқори лавозимли амалдорлари собиқ президентга мамлакатдаги сиёсий вазият, қизлар таълими ва бошқа масалалар бўйича оммавий баёнотлар беришдан тийилишни тавсия қилган.

Маълумот учун, Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай “Толибон” 2021 йилда ҳокимиятга қайтганидан кейин ҳам мамлакатда қолган. Шу давр мобайнида у, хабарларга кўра, ҳар йилги тиббий кўрикдан ўтиш учун Германияга, шунингдек Бирлашган Араб Амирликлари ва Буюк Британияга чекланган сондаги хорижий сафарларни амалга оширган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда қизлар таълими кетма-кет 5-йил тақиқлангани хабар берилганди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг