Ихтиёр Абдуллаев ва Рашид Қодиров қамоқхонанинг VIP камерасида сақланяптими?
Интервью
−
11 Май 2021
26032Одатда собиқ амалдорлар ёки пулдорлар қайсидир қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилиб, қамалгудек бўлса, улар қамоқхонанинг VIP маҳбуси сифатида сақланаётгани, егани олдида, емагани кетидалиги, ҳатто, тўй-маъракаларда қатнашиш учун уйига келиб-кетаётгани ҳақида гап-сўзларни эшитамиз. Бундай гаплар собиқ МХХ раисининг ўринбосари Шуҳрат Ғуломов, собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров, собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев, собиқ МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаев қамалгандан кейин ҳам қулоққа чалинди. Хўш, вазият аслида қандай? Уларнинг қамоқдаги ҳаёти бошқа маҳбусларникидан фарқ қиладими? Ушбу савол билан QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга юзланди.
Унинг қайд этишича, айни вақтда Қодиров, Абдуллаев ва Шарифхўжаев халқ тилида “ментовский” деб номланувчи 22-сон жазони ижро этиш муассасида сақланмоқда. Ушбу ЖИЭМда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида фаолият юритиб, жиноятга қўл урганлар жазоларини ўтайди.
“Қамоқхонада 1700 та жой бор. Жиноятчи кўпайиб кетса, 1700 кишини ўша ерга сиғдириш мумкин. Ҳозирда бу ерда 273 киши жазо муддатини ўтамоқда. Бу колонияда 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий суди томонидан 16 йиллик жазога ҳукм қилинган собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев, 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси, мамлакатимизга уч муддат Бош мрокурорлик қилган Рашиджон Қодиров, унинг ўринбосари Улуғбек Суннатов, шунингдек Коррупцияга қарши кураш бош бошқармасининг бошлиғи бўлган Улуғбек Хуррамов каби юқори даражадаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари сақланмоқда.
Кўпчилик бу колонияда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг собиқ ходимлари сақлангандан кейин у ердаги шароитлар VIP, бир тарафдан музқаймоқлар келиб турган, яна бир тарафда Coca-Cola’лар оқиб ётган бўлиши мумкин, деб ўйлайди. Чунки иқтисодий томонидан ҳам у ерда ўтирганларнинг аҳволи ёмон эмас. Ҳар ҳолда қўлланилаётган жарималар [кам эмас]. Бош прокурорнинг уйи бошланғич нархи 10 миллиард билан аукционга қўйилиши, уларнинг даражасини кўрсатади.
Бир нарсанинг масъулиятини омманинг олдида бўйнимга олиб айтишим мумкинки, у ердаги шароитнинг бошқа қамоқхоналардаги шароитдан фарқи йўқ. Бир хил тизим, бир хил жой. Масалан биз матбуотда собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодировнинг изоляцияга олингани, ҳатто, унинг камерасидан пашша ҳам учиб ўтмаётгани ҳақида ўқигандик. Йўқ, бундай эмас. Ёки қамоқхонанинг VIP камерасида ўтиргани ҳақидаги гаплар ҳам ҳақиқатдан йироқ. Агар қамоқхона маъмуриятидагилар менга шу одам Қодиров деб таништирмаганида, мен у кишини ниқоб ва “кепка”да танимаслигим ҳам мумкин эди. Яъни у ҳам ҳамма билан бир хил шароитда тикув цехида ишлаяпти. Жумладан бошқа жиноий шериклари ҳам ўша ерда ишлаяпти”, дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов.
Маълумот ўрнида, Абдураҳмон Ташановга кўра, собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев Жиноят кодексининг 242- (Жиноий уюшма ташкил этиш) ва 301-моддалари (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан жиноий жавобгарликка тортилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) бошчилигида бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари 22-сонди ЖИЭМда бўлиб, у ердаги шароит билан танишишган. Комиссия бўлган Ташанов ўзининг ижтиоий тармоқлардаги саҳифасида ЖИЭМда кўрган-кечирганларини, хусусан Рашид Қодиров аёллар лозим цехида, Ихтиёр Абдуллаев эса чинни цехида ишлаётганини ёзиб қолдирганди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билан интервьюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видеоплеерда ва YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.