Рашид Қодиров лозим цехида, Ихтиёр Абдуллаев эса чинни заводида ишлаётгани айтилди
Жамият
−
06 Май 2021
47703Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қошидаги комиссия Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ тизимидаги 22-сонли колонияда мониторинг ўтказган. Комиссия таркибида бўлган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Шавкат Мирзиёев иқтидорга келган пайти қамалган собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров ва Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев билан учрашганини маълум қилди.
У шундай ёзади:
“Бу ўринда жамоатчиликни кўпроқ қизиқтирадиган манзара борки, шахсан менинг зонага ташрифим ҳам, бу постни ёзишга ундаган жиҳат ҳам шудир. Яъни, бу ерда жазо муддатини ўтаётган юқори даражадаги мулозимлар: собиқ Бош прокурорлар Рашиджон Қодиров, Ихтиёр Абдуллаев, собиқ МХХ катта зобити Жавдат Шарифхўжаев, Бош прокурор ўринбосари Улуғбек Суннатов ва Хуррамовлар.
Аввал мамлакатимизга уч муддат Бош прокурорлик қилган Рашиджон Қодиров билан суҳбатлашдик. У кишидан шароитлар, маҳкумларга муомала ҳақида сўрадим. Ҳар ҳолда хушёр одам – яқин бир ойда манзил колонияга чиқишини, шикоятлари йўқлигини, БМТ стрктураларига қийноқлар бўйича шикоят иқилмаганини, соғлиғи яхшилигини айтди. “Юрак бўйича аввалроқ сангородда даволангандик, ҳозир ҳаммаси яхши” дейди Қодиров”.
Шунингдек, Ташанов собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров ва Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев қамоқхонада ним иш билан машғуллигини ҳам очиқлаган.
“Кўрдикки, собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ҳозирда тикув цехида ишламоқда. Унинг қўлидан чиққан гулдор матолардан тикилган бежирим аёллар кўйлаги, лозими ва бошқа ашёлар кўзни қувонтиради. Расмларга олишди, комиссиямиз вакиллари ҳадемай бу расмлар чоп қилишса керак.
Генерал Абдуллаевни чинни цехида идишга нақш солаётган жараёнда учратдим. Унгача муассасанинг тиббий бўлимига кириб, у кишининг тиббий картаси билан танишгандим. Ҳужжатга кўра, Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 242- ва 301-моддалари билан 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Унга нисбатан яқин орада икки марта ўтказилган COVID-19 тести манфий чиққан. Бўйин умртқа поғона қисмидаги оғриқдан шикоят қилган. Кўзининг кўриш даражаси биринчи кўзда +1 ва иккинчи соҳада +2,58.
Тиббиёт қисми шифокорининг айтишича, Абдуллаев 2017 йилда Германияда кўз гавҳарларини алмаштириш билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказган. Яъни, кўз хасталиги тергов ёки зонада орттирилмаган.
Собиқ Бош прокурорга унинг отаси ва ўғли бир қанча ОАВ орқали жамоатчлик ва Президентга мурожаат қилгани, унга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ва ҳозирда уни яқишлари билан кўриштиришмаётгани, изоляцияда сақланаётгани ҳақида баёнотлар беришаётганини айтдим. У киши “ҳаммаси яхши бўлади, бу гаплар Президентимизга етиб борса, адолат қиладилар”дан нарига ўтмади”, деб ёзади ҳуқуқ фаоли.
Ташанов икки собиқ Бош прокурор ҳам ўта эҳтиёткорлик билан муомалада бўлганини ёзади.
“Таъкидлаш керакки, икки собиқ Бош прокурор ҳам ўта эҳтиёткорлик билан муомалада бўлди. Тўғрироғи, комиссияларнинг нималиги, қаергача бора олишини ўтмишдаги фаолияти орқали яхши биладиган бу мулозимлар вазиятни мураккаблаштириб ўтиришмади. Ҳар ҳолда менга шундай туюлди.
Цехлардан чиқаётиб, собиқ МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаев билан кўришдим. У гапни қисқа қилиб, ҳеч қандай шикояти йўқлигини таъкидлаган ҳолда қочиб қолди.
Умуман, колониядаги манзара мени қониқтирди. Масалан, сиёсий аҳамиятга молик бўлгани учун Бош прокурорларга алоҳида мулозамат ёки кузатув йўқ. Алоҳида ош-овқат ҳам ажратилмаган. Кўпчиликка нима бўлса, шу.
Колониянинг каттагина қисми таъмирда экан. Ошхонадаги ош-овқатлар ёмонмас. Кутубхона, спорт заллари ва зерикиб қолмаслик ва пул топиш учун ташкил қилинган цехлар шулар жумласига киради. Ғалатироқ таассуротлар билан қайтдим. Бир пайтлар у билан суҳбатлашиш, сўроққа тутиш тугул олдига бора олмаганимиз бу одамлар бугун маҳзун, аввалги салобатдан асар ҳам йўқ”, деб ёзади Ташанов.