Тошкентда 24,5 млрд сўмни ўмарган мансабдорлардан иборат 38 кишилик жиноий гуруҳ аниқланди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида 17 нафар солиқ идоралари ходимлари, 1 нафар божхона органи ходими, 1 нафар банк ходими, 1 нафар туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва 18 нафар тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахсларидан иборат уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу гуруҳ томонидан 2020-2023 йиллар давомида 8 та сохта корхона ташкил қилиниб, хорижга сохта экспорт қилинган мебель маҳсулотлари учун қайтарилиши белгиланган 15 фоиз қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) салбий фарқ суммасини асоссиз қайтариб олиш орқали улар жами 24 миллиард 580 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Жиноий гуруҳ фаолиятини солиқ идораларининг собиқ ходими мувофиқлаштириб борган ва айнан мазкур шахс норасмий раҳбарлик қилган корхоналар Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида рўйхатдан ўтган бўлса-да, уларнинг юридик манзиллари асоссиз равишда тез-тез ўзгартирилиб, уларга расмий раҳбар сифатида ишга алоқадор бўлмаган шахсларнинг номлари киритилган. Шунингдек, корхоналарнинг фаолият тури сифатида мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланиш белгиланган бўлса-да, аслида улар ҳеч қандай ишлаб чиқаришни амалга оширмаган.

Бундан ташқари, ҳисобот ҳужжатларида гўёки ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар Қирғизистонга экспорт қилингани қайд этилган. Лекин, текширувлар жараёнида экспорт операциялари амалга оширилмагани, корхоналарнинг муҳрлари уюшган гуруҳ томонидан сохталаштирилгани ва экспорт шартномалари шакллантирилгани ҳамда давлат бюджетидан юқорида кўрсатилган қўшилган қиймат солиғи пул маблағлари ноқонуний қайтариб олингани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 179-моддаси (сохта тадбиркорлик), 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Тошкентда озарбайжонликлардан пул талаб қилиб келган жиноий гуруҳ ушланди (видео) north_east

Тошкентда озарбайжонликлардан пул талаб қилиб келган жиноий гуруҳ ушланди (видео)

Тергов давомида 6 миллиард 808 миллион сўм давлат ҳисобига ундирилди. Шунингдек, етказилган зарарни қоплаш учун 6 миллиард 300 миллион сўмлик мол-мулк, жумладан 1 та кўп қаватли хусусий тиббий клиника биноси, 1 та автомобиллар ювиш шохобчаси, 2 та хонадон, 6 та автомашина ҳамда телефон ва компьютер жиҳозлари хатланди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан 38 нафар судланувчининг 14 нафарига 5 йил 6 ойдан 7 йил 6 ой муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, 18 нафар шахсга нисбатан турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, уларга Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаган ҳолда 2 йил муддат ичида етказилган моддий зарарни қоплаш мажбурияти билан 3 йил синов муддати тайинланди.

Бундан ташқари, судланувчиларнинг 6 нафарига нисбатан 2 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида яшаш хонадонида 100 минг сўмлик купюра ёрдамида 28 миллион 300 минг сўм миқдоридаги қалбаки пулларни тайёрлаган жиноий гуруҳ ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

божхона ДХХ ҚҚС мансабдор банк ходими солиқ идоралари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг