Блогер Нафосат Оллошукурова аҳволи оғирлиги ва қочоқликдаги ҳар бир кунни азоб билан ўтказаётганини айтди

Жамият

image

Ўзбекистондан бош олиб кетган ва айни вақтда Украинада яшаб келаётган блогер (Шабнам) Нафосат Оллошукурова бугунги аҳволи оғирлиги, ҳар бир кунни азоб билан ўтказаётгани ва эртаси қоронғи эканини маълум қилди. У бу ҳақда “Америка овози” телерадиосининг Украинадаги хизматига берган интервьюсида гапирган. 

Урганч шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 23 сентябрдаги қарорига асосан Н.Оллашукуровага нисбатан МЖтКнинг 183, 194, 195 ва 202-моддалари билан 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

26 сентябрь куни Н.Оллашукурова маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган пайтида рухиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, психиатрнинг тавсияси билан уни вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган.

2019 йилнинг 28 декабрь куни Оллошукурова руҳий асаб касалликлари диспансеридан чиқарилди. Шундан сўнг, блогер Ўзбекистонни буткул тарк этиб, Украинага жўнаб кетди. 

“Чиқиб кетиш ҳақида қарор қабул қилиш менда оғир кечди. Бу ҳақда Абдураҳмон ака [Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов] билан билан маслаҳатлашганимизда, у киши “Энг тўғри йўл чиқиб кетишингиз, руҳий касалликлар шифохонасида ётган бошқаларнинг тақдири ҳаётингизда такрорланишини хоҳламасангиз битта қатъий қарорга келишингиз ва тарк этишингиз керак. Лекин бу ерда қолишингизнинг давоми хавфли”, деб яхши маслаҳатлар бердилар. Четга чиқиб кетишдан олдин ташқарида юрган қочқинлардан сўрадим. Чунки четга чиқишнинг ўзи бўлмайди. Қандай бўлади жараёнлар, у ерда қийналиб қолмайманми, қандай аҳволга тушаман, шулар ҳақида сўрадим. Қочқинлик олиш жараёни жуда қийинлиги ҳақида менга Умида Ниёзова ҳам айтиб бердилар. “Анча йиллар кутишга тўғри келадиган жараён, қийналасиз”, деб айтдилар”, дейди айни вақтда расмий қочқинлик мақомидан умид қилаётган Нафосат Оллошукурова. 

У мамлакатни тарк этганидан кейин эгизак қизларини ҳам ўзи билан Украинага олиб кетган. Бу ҳақда гапираркан, Оллошукурова, мақсади Ўзбекистонни буткул тарк этиш бўлмаганини урғулайди. 

“Аслида мақсадим Ўзбекистонни бутунлай тарк этиш бўлмаган. Ўзбекистондан чиқиб кетиб, бу ерга келиб, халқаро комиссиядан ўтиб, ўзимнинг руҳий касал эмаслигимни тасдиқлаб, маълум муддат тиббий ёрдам олиш... Чунки қийноқлардан кейин реабилитацияга ҳам муҳтож эдим. Ҳам руҳий босимлар бўлган, ҳам ўзим билмаган уколлар, таблеткалар беришган. Мана шуларнинг зарарларидан қутулиб, дам олиб руҳий касалмаслигимни тасдиқлаб, қайтиш ниятида бўлганман”, дейди блогер. 

Оллошукурова бир неча бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинадаги ваколатхонаси Қочқинлар билан ишлаш бўлимига фарзандларини боғчага жойлаш ва ўзининг иш билан таъминланиши масаласида мурожаат қилгани, бироқ арзигулик жавоб бўлмаганини айтади:

“Ҳатто, лагерга жойлаши тўғрисида ариза ёздим. 4 ой давомида бу масалани чўзиб келишди. Фарзандларим келганига ҳам 4 ой бўлди. Ҳозирги кунда лагерда яшашдан воз кечдим. Чунки лагернинг ўзида турли хил фитналар бўлишидан менда қўрқув пайдо бўлди. У ерга бормасликка қарор қилдим”. 

Оллошукурова Украинада нима қиляпти? Қандай кун кечиряпти? Бу саволларга блогер шундай жавоб қилади: 

“Ҳозирги кунда тирикчилигим шуки, яқин дўстларим, мени танийдиганлар инсонийлик юзасидан ёрдам қилишяпти. Ҳозирги пайтда эртанги куним қоронғи. Ҳар битта кун ўтиши мен учун азоб. Чунки ҳар битта кун ўтди дегани, квартира учун пул тўлаш яқинлашаётгани. Ҳар битта ўтаётган куним коммунал тўловларга яқинлашяпти. Ҳар битта ўтган кунда мана шундай ташвиш билан яшаяпмиз. Дўстларим, аҳволимни кузатиб турган инсонлар ташлаб қўймаяпти, ёрдам беришяпти. Лекин бу ёрдамлар қачонгача давом этади?! Мен Бирлашган Милллатлар Ташкилоти ва халқаро ташкилотлардан фарзандларимни боғчага жойлаб, ўзимни иш билан таъминланишимга ёрдам беришларини сўраган бўлардим”. 

Нафосат Оллошукурова Украинада меҳнат фаолияти билан шуғулланишга ҳаракат қилган, бироқ миграция маркази уни норасмий раавишда ишлаётгани учун жаримага тортган. 

“Биз қочқинларда ишлаш ҳуқуқи йўқ экан. БМТ моддий ёрдам бермаяпти. Тўғри, умуман ёрдам бермади, деб айтолмайман. Умуман йил бўйича ҳисоблаганда бизга ҳар ойда 25-30 доллар атрофида ёрдам берган. Лекин ҳозир яшаётган шароитимда, энг ночор аҳволда яшаганимизда 600-700 доллар пул керак бўлади. Шунда ҳам мени болаларим сут, қатиқ ичмайди, гўштни кам еймиз”, дейди қочқинликка даъвогар. 

У фарзандларини боғчага жойлашда ҳам қатор муаммолар борлигини айтаркан, қизларидан бирида туғма юрак хасталиги борлигини эслатди. Оллошукурова Ўзбекистонда бўлганида қизини тиббий кўриклардан ўтказиб, даволатиб турган. Бироқ Украинада бунга имкони йўқ.

“Болаларим ҳали беш ёшга тўлмаган. Беш ёшга тўлмаган болаларнинг таомланиши учун пул тўланиши керак экан. Ҳеч бўлмаса, [БМТ] бошланишида 2-3 ой менга ёрдам бериши, қўллаб-қувватлаши керак, деб ўйлайман. Фарзандларимнинг ҳужжатларини сўрашган, мен тақдим этганман. Ҳозирча жим. Уларни ҳатто, поликлиникага рўйхатга қўйишмаган. Тиббий текширувлар бўлмаган. Қизимнинг юраги касал бўлиб туғилган. Уни Ўзбекистонда даволатиб турардим. Украинада эса ҳеч қандай текширувлардан ўтмадик. Соғлиғида чарчаш ҳолатлари бор-ку лекин Ўзбекистондагидек ёмон аҳволда эмас. Лекин барибир мен уни тиббий кўрикдан ўтказишларини сўраяпман”, дейди Оллошукурова. 

У сўзида давом этиб, Украинадаги ҳаётидан қўрқаётгани, расмий Киев ўзини Ўзбекистонга топшириб юборишидан хавотирда экани, шу боис блогерлик фаолиятини тўхтатиб турганини айтади. “Украинани ўзим учун хавфли давлат, деб ҳисоблайман”, дейди у.

“Украина шароитида мен фарзандларимнинг келажагини кўролмаяпман. Бу ерда бошқа қочқинларнинг ҳаётини ўрганиб чиқдим. Бу ерда малакали тиббиёт, малакали таълим Ўзбекистонимиздаги даражада бўлгани учун бу ерда яхши ҳолатни кўрмаяпман. Бундан ташқари, кузатиб келаётган ҳолатим, кўплаб фаолларни Украина Ўзбекистонга тутиб берган. Мен бемалол фаолият олиб боришга баъзан қўрқаман. Чунки ҳозир биз жараёнда кетяпмиз. Шунинг учун ўзимнинг сўз эркинлигимни ўзим чеклаяпман. Мен чиқаришим мумкин бўлган маълумотлар ва ёзишим мумкин бўлган мавзулар жуда кўп. Кўп маълумотларга эгаман ва буларни очиқчасига ёритолмайман, чунки қўрқаман. Ҳозирги жараёнда бизни тутиб бериб юбориш эҳтимоли борлиги учун Украинани ўзим учун хавфли давлат, деб ҳисоблайман.” 


Мақола муаллифи

Теглар

Нафосат Оллошукурова

Баҳолаганлар

972

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг