Ихтиёр Абдуллаев қайси жиноятларга қўл ургани маълум бўлди
Жамият
−
08 Май 2021
60569Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев 2019 йилнинг сентябрь ойида 18 йилга қамалганидан хабарингиз бор. Бироқ, бугунгача у жиноят кодексининг қайси моддалари билан айблангани маълум қилинмаган эди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда Шавкат Мирзиёев иқтидорга келган пайти қамалган собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров ва Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев билан учрашганини маълум қилди. Унинг қайд этишича, Ихтиёр Абдуллаев Жиноят кодексининг 242- (Жиноий уюшма ташкил этиш) ва 301-моддалари (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан жиноий жавобгарликка тортилган.
"Ихтиёр Абдуллаевнинг ҳужжатларини кўздан кечирдим. Унда Жиноят кодексининг 242-модда (Жиноий уюшма ташкил этиш) ва 301-моддалар (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан жавобгарликка тортилгани ёзилган эди".
2019 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевга қарши жиноят иши очилгани маълум қилинганди.
Ихтиёр Абдуллаев 2018 йилнинг 31 январидан 2019 йилнинг февралига қадар ДХХга раҳбарлик қилган. У соғлиғи ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилгани айтилганди.
Кейинроқ, у порахўрликда айбланди. Мазкур иш бўйича жами 10 га яқин мансабдор тергов қилинаётгани хабар қилинганди. Уларнинг орасида Олий суд раиси ўринбосари Баҳодир Деҳқонов ҳам бўлган.
Июль ойида бошланган суд иши сентябрь ойига келиб тугади. Ҳукмга кўра, Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Шунингдек, суднинг ҳукми билан: ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Эгамов 16 йил, ДХХ раисининг собиқ маслаҳатчиси Алишер Ишанходжаев 17 йил, Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари Ёркин Абдуллаев 14 йил, Адлия вазирлиги Кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Юсуфбой Ходжаев 8 йил, Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Ғайрат Хидоятов 5 йил, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баходир Деҳқонов 5 йил, Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошевга 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиндилар.
LiveБарчаси