Ташанов Ихтиёр Абдуллаев ва Рашид Қодиров тарафдорларининг босимига учрадими? Пост нега ўчирилди?
Интервью
−
10 Май 2021
24386Ўтган ҳафта Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарди. У Facebook’даги саҳифасида 22-сонли жазони ижро этиш муассасасида бўлгани, у ерда собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров, собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевни, шунингдек МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаевни учратгани, Абдуллаев чинни цехида идишларга гул чизаётгани, Қодиров эса аёллар лозими цехида ишлаётганини айтганди.
Орадан кўп ўтмай, ушбу пост Ташановнинг саҳифасидан ўчириб юборилди. Хўш, инсон ҳуқуқлари фаоли ўзи ёзган постни ижтимоий тармоқлардаги саҳифасидан ўчириб юборишини қандай тушуниш мумкин? Янги Ўзбекистонда ҳам инсон ҳуқуқлари фаолларига босимлар борми? Нега бу пост ўчирилди? QALAMPIR.UZ Абдураҳмон Ташанов билан суҳбатлашди.
“Одамларга фалсафа сўқиш ниятим йўқ. Лекин умумий кузатувларим дорасида бир иккита нарсаларни гапирмоқчиман. Масалан сизнинг гапиришингиз, бир нарса демоқчи бўлганингиз, омма томонидан қандай қабул қилинади? Битта пост қўйсангиз, сизнинг шахсингиздан бошлаб, ота-онангиздан бошлаб шунақанги сийлаб чиқадиганлар бор, турли гуруҳлар пайдо бўляпти. ОАВга интервью бераётганимда кўп айтаман: “биз озгина чидамсизроқ, сиркаси сув кўтармайдиган жамият бўлиб қолдик, битта гап айтсангиз, бетинг-кўзинг демасдан гапириб ташлашади ёки сўкишлар қолдиришади. Ўзаро ҳурмат деган нарсалар хозир ҳаётнинг оғир ташвишлари билан алмашгандек бўлди. Масалан, светофорда сал узоқ тўхтаб қолсангиз орқангиздан қаттиқ сигнал чалиб туришади. Aлбатта, бу ўша узоқ йиллик иқтисодий муаммоллар, сўз эркинлигининг йўқ бўлгани ҳосиласи. Яна битта нарсани айтиш керакки, сўз эркинлиги берилган пайтда бошланғич даврда маълум даражада радикаллар ёки сиёсий экстремистлар, халқ тили билан айтадиган бўлсак, шаллақилар кўпроқ чиқади”, дейди Ташанов.
Ҳуқуқ фаоли сўзида давом этаркан, босимлар нафақат оддий одамлар, балки инсон ҳуқуқлари фаолларига ҳам мавжудлигини, бу борада Ўзбекистон дунёда ягона мамлакат эмаслигини урғулади. Унинг қайд этишича, ривожланган мамлакатларда ҳам босимлар бор.
“Aлбатта, босим бор, ҳаммага босим бор. Ҳамма давлатларда босим бўлади ва Ўзбекистон бундан мустасно эмас. Ўзбекистон энди ривожланиш йўлига чиқаётган давлат. Ривожланган давлатларда ҳам босим бўлади. Лекин Ўзбекистонда вазият яхши томонга ўзгараётгани бор гап. Эски замонларда QALAMPIR студиясига келиш тугур, сиз билан кўришиш ҳам муаммо эди. Шу нуқтайи назардан оладиган бўлсак, маълум даражада ўсишлар бор. Лекин ўзига яраша босимлар, ўзига яраша маслаҳатлар, сизга насиҳат қиладиган одамлар ҳам бўлади”, дейди Ташанов.
У Ўзбекистондаги сўз эркинлигининг бугунги ҳолатига ҳам баҳо бериб, шундай дейди:
“Сўз эркинлиги шундай нарсаки, даражама-даража ривожланиб, такомиллашиб боради. Ҳали шундай кунлар келадики, сиз билан мана шу эфирда сўз эркинлигини муҳокама қилаётганимиз ҳам кулгули бўлиб қолади.
1998 йилларда газетада ишлаб юрган пайтимда BBC мухбирлари “Ўзбекистонда цензура борми?” деб микрофон тутиб келса, биз қочар эдик. Бир куни жахлим чиқди-да, “ҳа, цензура бор”, деб шундоқ Эркин Комиловнинг хонасини кўрсатиб юбордим. Ўша вақтларни эсласам, енгил кулгу келади”, дейди Ташанов.
Эслатиб ўтамиз, “Чегара билмас мухбирлар” (Reporters Without Borders) халқаро нодавлат ташкилоти томонидан тузилган матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон ўтган йилгига нисбатан бир поғона пастлаб, 157-ўринни эгаллади.
Маълумот ўрнида, Абдураҳмон Ташановга кўра, собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев Жиноят кодексининг 242- (Жиноий уюшма ташкил этиш) ва 301-моддалари (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан жиноий жавобгарликка тортилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь