“Замминистр”нинг қизи озодликда, фуқаро қамоққа олинди – Ташанов
Жамият
−
21 Октябрь
21218“Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Алишер Тўраевнинг 9,95 миллиард сўмлик сохта шартномалар ортидан давлат маблағларини талон-торож қилиб, 5 йил-у 1 ойга озодликдан маҳрум қилинган қизи Анаис Тўраева айни пайтда озодликда юргани, лекин суд фуқароларни жиноятчига айлантирганини айтди. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли ўзининг Facebook саҳифасида пост қолдирди.
Ташановга кўра, 2021 йилда ТошМИ олдидаги дорихоналарнинг биридан “Редуксин” оздирувчи препаратини сотиб олган, ҳомиладорлиги учун унинг бир қутисини ичиб, қолганини эълон орқали 450 минг сўмга сотган. Суд 2, 3 ва 5 ёшдаги уч нафар фарзанднинг онаси М.Д. ни 2 йилга озодликдан маҳрум қилиб, суд залидан қамоққа олган.|
“Уйида фойдаланилмай қолган 3 қути “Редуксин”ни Теlegram орқали эълон бериб, харидордан ўзининг пластик картасига тушириб олган жувонни Бухоро вилояти Олот тумани суди психотроп дори сотувчи жиноятчига айлантирди. Хуллас, постимдан сўнг турли расмий идораларнинг тушунтиришлари, бечора жувонни гўрдан олиб, гўрга тиқадиган изоҳлари чиқса керак, ҳаммасини тасаввур қилиб турибман. Чунки Олот судидаги ноинсофларнинг бошида шулар турибди, ўтган гал айтганимдек, тизимда гангрена бошланган аллақачон. Хонимлар, агар эрингиз ёки отангиз “замминистр” ёки каттароқ амалдор бўлмаса, оздирувчи препаратлар ичманг. Қадди-қоматингиз ўртача бўлса ҳам озодликда юришга нима етсин”, дея ёзган Абдураҳмон Ташанов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Алишер Тўраев, унинг қизи Анаис Тўраева ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази собиқ ҳисобчиси Мансур Қўзибековга нисбатан ҳукм ўқилганди.
2021 йил сентябрь ойида Алишер Тўраевнинг ўғлига тегишли бўлган De Nova Agro компанияси 1 миллион дона узум кўчатини етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик тендерда ғолиб бўлган. Суд қарорига кўра, амалда бу кўчатлар марказга етказиб берилмаган бўлса-да, маҳсулот қабул қилингани ҳақида бир нечта сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилиб, маблағлар ўтказиб берилган. Алишер Тўраев ўз айбига қисман иқрор бўлган.
Суд собиқ вазир ўринбосарини Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топди ва 2 йил муддатга давлат ташкилотида раҳбарлик, моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Мансур Қўзибеков шу каби моддалар учун 5 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум этилган. Анаис Тўраева Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28-моддани қўллаган ҳолда 209-моддаси 2-қисми “а” банди (мансаб сохтакорлигида шериклик) бўйича 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Ҳукм ижроси 2027 йилнинг 8 июлига – 2024 йилнинг июль ойида туғилган ўғли уч ёшга тўлгунига қадар кечиктирилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15