Воитов иши: Давлат сири ёки давлат пули ҳақида
Таҳлил
−
26 Март
16460Кеча, 18 март куни Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида собиқ қишлоқ хўжалик вазири Азиз Воитов иши юзасидан аппеляция суди бошлангани ҳақида ёзганди.
Аммо Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов бу маълумотларни кескин рад этиб чиқди.
“Азиз Воитов иши сентябрь ойида биринчи инстанцияда кўрила бошланди. Ҳозирда суд мажлиси давом этмоқда. Суд тугамаган”, дейди Обидов.
Биринчи инстанция суди 2024 йилнинг 15 август куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида кўрила бошланган. Жиноят иши ҳажман катта экани, процесс иштирокчилари сони кўплигидан келиб чиқиб, суд ёпиқ тарзда ўтиши белгиланган.
Собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири бунчалик нимада айбланяптики, 7 ойдан бери тугамаса суд. Камига ёпиқ ўтса?
Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 нафар шахсга нисбатан очилган жиноят иши бўйича бўлиб ўтаётган суд эшиклари журналистлар учун тарс ёпиб қўйилганди. Сабаби ўша куни суднинг навбатдаги мажлисида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги вакили Ғафур Маҳкамов суд иши доирасида сирлар борлиги учун уни бундан буён ёпиқ ўтказиш бўйича илтимоснома киритган.
“Суд иши давомида хизмат доирасида фойдаланиш мумкин бўлмаган ҳужжатлар борлиги сабабли, уларнинг эълон қилиниши хориждан инвесторларни жалб қилишга салбий таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли суд мажлисининг ёпиқ шаклда кўрилишини сўрайман”, дея ўз илтимосномасини изоҳлади вазирлик вакили.
Айрим адвокатлар эса вазирлик ходимининг важига “давлат сири” дея тус берди.
Усиз ҳам аввалроқ судда журналистлар фаолиятини чеклаб қўйган жиноят ишлари бўйича Миробод туман судьяси Сардор Содиқов эса илтимосномани қаноатлантирди ва шунинг билан журналистлар Воитов ишини бевосита кузатиш ва ёритиш имкониятидан маҳрум бўлди.
Журналистлардан шунчалик яширилаётган сир не бўлди экан? У нимаки, хизмат доирасида фойдаланиш мумкин бўлмаса, давлат сири дея тус берилса, Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳиятига салбий таъсир қилса? Бу сир нима эканига қизиқиб қолдингизми? Биз ҳам. Шу боис бу сирни аниқлаш пайига тушдик ва ишга оид дастлабки тергов хулосасини қўлга киритдик. Унга кўра, гап ўмарилган миллионлар-у миллиардлар ҳақида кетмоқда. Воитов қандай жиноятлар содир этганликда айбланмоқда? Келинг, буларнинг барини бошидан кўриб чиқамиз.
“Куёвни пайғамбарлар сийлаган”
Дастлабки терговнинг 189 варақли хулосаси билан танишар экансиз, унда ё Воитовнинг курсдоши, ёки қайнонасию қайнотасининг ҳам исмларига кўзингиз тушади. Ҳа, судланаётган 49 нафар шахс ичида Азиз Воитовнинг қайнотаси, қайнонаси ҳамда курсдоши ҳам бор.
Азиз Воитов “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқаруви раиси, шунингдек, банк Кузатув Кенгаши раиси лавозимида ўтирган маҳал мансабидан ғаразли ва бошқа мақсадларда фойдаланиб, “Миллийбанк” Академик филиалидан 2018 йил давомида жами 21,7 млрд сўм текстиль ускуналари хариди учун кредитни муаммосиз олишга эришгани айтилмоқда.
“Мазкур кредит олиниши учун бизнес режада калава ипларни бўяш ва ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш орқали кредитни сўндириш кўрсатилган бўлса-да, А.Воитов 2020 йилда юзага келган “COVID-19” пандемия асоратларини важ қилиб, кредит қарздорлигини қасддан тўламаслик мақсадида, А.Уринбаев, қайнотаси А.Каримов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, “Lanell Group” МЧЖ ва қайнонаси Д.Каримова таъсисчилигида 05.03.2021 йилда “Rainbow Teks” (олдинги номи Ostex TTZ) МЧЖни ташкил қилиб 2019-2022 йиллар давомида кредит тўлови муддатини 4 марта ноқонуний йўллар билан 2029 йил сентябрь ойига қадар узайтириш йўли билан тўламай келган ва 21 млрд 779,4 млн сўм кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. Кредитни мақсадсиз сарфлаб, қасддан тўламаслик ҳаракатлари учун банк томонидан кредитни ундириш чоралари кўрилмаслигини таъминлаган”, дейилади дастлабки хулосада.
Шундай қилиб, 2019-2022 йиллар давомида кредит тўлов муддатини 2027 йил сентябрь ойига қадар 7 маротаба ноқонуний йўллар билан узайтириб, 600 минг евро (Марказий банкнинг 01.12.2019 йилдаги курси бўйича 6 млрд.279 млн сўм) кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Дом бизнеси
Қўлимиздаги расмий ҳужжат – дастлабки тергов хулосасига таянадиган, ишонадиган бўлсак, суюкли куёв қайнотасининг чўнтагини тўлдиришдан тўхтамаганини кўриш мумкин.
2018 йил давомида Ҳукумат топшириғи билан банк маблағи ҳисобидан Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳрида кўп қаватли тураржой биноси, шунингдек, Нурафшон шаҳрида “Ўзсаноатқурилишбанк” Тошкент вилоят минтақавий филиали ходимлари учун 7 қаватли тураржой биноси қурилиши керак бўлган. Қайнота ва унинг “Beltepa master stroy” МЧЖдаги танишлари бундан хабар топади. Ва мазкур тураржой бинолари қурилишини пудратчи сифатида қўлга киритиш орқали назорат қилинмайдиган мўмай даромад олиш ниқоби остида банк маблағларини талон-торож қилиш жиноий режасини тузишган.
Мазкур жиноий режага кўра, А.Каримов куёви А.Воитовни жиноий гуруҳга жалб қилиши керак эди. Шундан қилган ҳам. 2018 йил август ойида Оҳангарон шаҳри ҳудудидан ўтувчи А-373 автомагистраль йўли бўйидаги кўп қаватли тураржой биноси қурилиши жараёни билан танишиш учун борган куёви А.Воитов ва О.Ражабов учрашувини ташкиллаштириб, гарчи Тошкент вилоят минтақавий филиали ходимлари учун қурилиши режалаштирилаётган Нурафшон шаҳридаги 7 қаватли тураржой биноси қурилиши “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида тендер ўтказилган ҳолда пудратчи аниқланиб, қурилиш ишларини амалга ошириш лозим бўлса-да, А.Воитов Қонун талабларига зид равишда бино қурилишини қайнотасининг таниши “Beltepa master stroy” МЧЖга бериш тўғрисида “Ўзсаноатқурилишбанк” Тошкент вилоят минтақавий филиали бошлиғи А.Толибовга ноқонуний топшириқ берган.
Ҳокимнинг ҳаракати
Аммо бутун бошли 7 қаватли уй қурилишини шундоқ танишига ўтказиб юбориш осонмиди? Бунинг учун фақат Толиповга ноқонуний топшириқ бериш камлик қилади. Шунинг учун Воитовга бу йўлда Нурафшон шаҳар ҳокими Усмон Рахимов ёрдам бериб келган. Ҳарқалай тергов ҳужжатларида шундай ёзилган.
Усмон Раҳимов Тошкент вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Нурафшон (собиқ Тўйтепа) шаҳрига 2018 йилнинг январидан раҳбарлик қилиб келган. 2019 йилнинг август ойида Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрига ҳоким этиб тайинланди. Аммо бир йил ўтмай лавозимдан бўшатилади. Аммо унинг ишдан бўшатилишига жиноий хатти-ҳаракатлари эмас, балки ўғли Дилшод Раҳимовнинг йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузгани сабаб сифатида кўрсатилганди.
“Нурафшон шаҳар ҳокимининг 14.08.2018 йилдаги 507-сонли қарори билан “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Тошкент вилоят минтақавий филиали ходимлари учун 7 қаватли турар-жой биноси “Global trans qurilish montaj” МЧЖ томонидан қурилиши белгиланган бўлса-да, ғолиб номини “Beltepa master stroy” МЧЖга ўзгартириб қўйиш йўли билан сохталаштириб, турар-жой биносини қуриш учун пудратчини “Давлат харидлари” тўғрисидаги Қонунга асосан тендер асосида аниқлаб олмасдан, бино қурилишини молиялаштириш учун гўёки “Beltepa master stroy” МЧЖга “айланма маблағларини тўлдириш” ва “қурилиш моллари сотиб олиш” учун кредит ажратиш, келгусида кредит эвазига қуриб битказиладиган бинони қиммат нархларда банк балансига топшириш ҳақида келишиб олишган”, дейилади ҳужжатда.
Тураржой биносини қуриш сарф-харажатлари аслида 32 млрд 105,2 млн сўмни ташкил қилса-да, бино қурилишига 53,9 млрд сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлатади. Бу орқали жами 48,5 млрд. сўм миқдорда айланма маблағларини тўлдириш ва қурилиш моллари сотиб олиш учун кредит маблағларини банкнинг Тошкент вилояти минтақавий филиали Амалиёт бўлими орқали ажратилишини таъминлаб, жамият томонидан кредит маблағлари эвазига 7 қаватли тураржой биносини қуришган.
“Ўрганган кўнгил ўртанмай қўймас”
Воитов 2020 йилнинг март ойида банк Бошқаруви раиси лавозимидан озод қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган бўлса-да, банк Кузатув кенгаши раиси эканлигидан фойдаланиб, банк тизимида ўз мақомини сақлаб қолган ҳолда, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ мутахассислари орқали бинода номигагина назорат ўлчови ўтказдиради. Гўёки 56 млрд сўмлик қурилиш ишлари амалда бажарилганлиги ҳақида сохта маълумотлар ва ёзувлар киритилган далолатномалар расмийлаштирилишига эришади. Ўз навбатида бинонинг қайнотаси А.Каримов орқали “Real consult-servis LLC” МЧЖга асоссиз равишда 79 млрд 855,5 млн сўмга баҳоланишига, Кредит қўмитаси ва банк Бошқаруви орқали эса бинони 64,5 млрд сўм қийматда банк балансига қабул қилиш ва ўртадаги фарқни “Beltepa master stroy” МЧЖга тўлаб бериш ҳақида Банк кредит қўмитаси ва бошқарувининг баённомаси ва қарори чиқарилади. Хуллас у эмас, бу эмас, банкнинг жами 32 млрд 394,7 млн сўм миқдоридаги маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилади. Ҳарқалай, прокурор шундай хулосага келган.
Гўёки ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаётгандек кўрсатиш учун банк балансига олинган 7 қаватли турар-жой комплексининг 2-7 қаватларида жойлашган жами 72 та тураржой хонадонларини банк тизимидаги ходимларга бошланғич тўловларсиз, 15 йил муддатда бўлиб тўлаш имтиёзи асосида сотиб, банк манфаатларига 18 млрд 637,8 млн сўм зарар етказилишига сабабчи бўлгани айтилмоқда.
“Сир”
Агар суриштирувимизни шу нуқтагача кўриб келаётган бўлсангиз, демак, видео аввалида тилга олганимиз, журналистлар билиши ва сизга етказилишидан қўрқилган, давлатнинг инвестицион обрўсига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган сирни очиш вақти етиб келди.
Воитов Жаҳон банкининг 2,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги инвестициясини ҳавога учирганликда айбланмоқда.
Гап шундаки, 2022 йилнинг август ойида Воитов кимсан вазир бўлди. Фаолиятини молия-банк соҳаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири. 2023 йил октябрь ойигача бу лавозимда ўтирган мулозимнинг бу фаолияти билан боғлиқ жиноятлар ҳам борлиги далилланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил “Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокида “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2020 йилдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Тошкент давлат Аграр университети таркибида Олий таълим муассасалараро “Экофизиологик тадқиқотлар илмий лабораторияси”ни ташкил қилиш белгиланган. Унга кўра, Жаҳон банкининг 2 млн 546 минг АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари эвазига Япониянинг “Ogawa Seiki Co.LTD” компанияси билан 2021 йил январдаги шартнома асосида Тошкент давлат Аграр университетига умумий қиймати 2,5 млн АҚШ доллари бўлган илмий тадқиқот лабораториялари жиҳозлари олиб келинган.
Лойиҳани ишга тушириш учун Аграр университет раҳбарияти томонидан “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида лаборатория биносини реконструкция қилиш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга 2022 йил декабрь ойида танлов эълон қилинган.
Танлов натижаси бўйича лойиҳачи “Inter Active-teams” МЧЖ томонидан 15,2 млрд. сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган. Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот маркази биносини реконструкция қилиш учун бир қанча меъёрий ҳужжатларга асосан пудратчи танлашда халқаро тендер савдолари амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, А.Воитов мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, Қонун ва Президент қарорлари талабларига риоя қилмасдан, 2023 йил март ойида қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи “Сhipland” МЧЖ раҳбари М.Мирзиятовга мазкур объект реконструкцияси бўйича келгусида пудрат шартномаси унинг жамияти билан тузилишини ваъда қилади. Ҳеч қандай танлов ўтказмайди, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларини қўпол равишда бузиб, бинода реконструкция ишларини бошлаш ҳақида унга оғзаки топшириқ беради.
“Халқаро тендер эълон қилинмаганлиги сабабли А.Воитов Жаҳон банкининг “Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида бино реконструкция қилинишига маблағлар ажратилмасдан қолишига, 2021 йилда Жаҳон банкининг 2,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағига Япониядан сотиб олинган илмий тадқиқот лабораториялари жиҳозларининг фойдаланилмасдан қолиб кетиб, лойиҳа ишга тушмаслигига кимёвий реагентларнинг амал қилиш муддатлари ўтиб кетишига сабабчи бўлиб, давлат ва жамият манфаатларига жиддий зиён ва “Сhipland” МЧЖ манфаатларига 2 млрд 388,7 млн сўмлик жуда кўп миқдордаги зарар етказган”.
“Ўздонмаҳсулот” қани?
Прокурор терговидан аниқ бўлишича, булар Азиз Воитов гумон қилинаётган жиноятларнинг барчаси эмас. У Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаб келиб, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари маъмурий биноларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойишида “Ўздонмаҳсулот” АКга қарашли Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Шаҳрисабз кўчаси, 36-уйда жойлашган 230,4 млрд сўмга баҳоланган маъмурий бино 1,3 млрд сўмлик инвентарь маҳсулотлари билан бирга Қишлоқ хўжалиги вазирлигига топширилиши ва вазирлик тузилмаси 2 ой муддат ичида мазкур бинога кўчиб ўтиши белгиланган бўлса-да, Президент Фармойиши талабларини бажармаган.
Бинони белгиланган тартибда Қишлоқ хўжалик вазирлиги балансига қабул қилиб олмасдан туриб, гарчи Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан лойиҳа- смета ҳужжатларини ишлаб чиқилмаса-да Қурилиш ва уй-жой коммунал соҳасидаги давлат назорати инспекцияси томонидан қурилишга рухсатнома олмасдан “Ўздонмаҳсулот” АК биносида таъмирлаш ишлари олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига хат берилган бўлишига қарамасдан, “Сhipland” МЧЖга бинони демонтаж қилдириб, унинг яроқсиз ҳолатга келиб, 107 млрд 461,9 млн сўм зарар етказилишига ва 493,4 млн сўмлик товар-моддий бойликлар талон-торож қилинишига, шунингдек, “CHIPLAND” МЧЖга 903,9 млн. сўм (демонтаж харажати) моддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.
“Қўйнидан тўкилса қўнжига”
Азиз Воитовнинг бўйнига қўйилган яна бир жиноят бу давлат маблағларини ўзига тегишли корхона орқали ўзлаштиришдир. У 2022 йил декабрь ойида Сурхондарё вилоятида тадбиркорлар билан учрашув вақтида ўзини гўёки тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватловчи вазир сифатида намоён қилиб, қарз маблағини мақсадли сарфлаш бўйича аниқ бир бизнес режаси бўлмаган бўлса-да, қарз ажратиш мақсадсизлиги олдиндан аён бўлгани ҳолда, ўзига алоқадор “Termiz gold kapital” МЧЖ раҳбари А.Шукуровга сўраган қарз маблағини валютада ажратиш бўйича топшириқ берган. Шунинг “Termiz Gold Kapital” МЧЖга 300 минг АҚШ доллари (Марказий банк курси бўйича 12496,80 сўм, жами 3 млрд 749 млн сўм) ажратилишига эришиб, ўз навбатида “Termiz gold kapital” МЧЖ раҳбари А.Шукуров томонидан ушбу маблағлар банкдан нақдлаштирилиб, бошқа жамиятлардан мавжуд бўлган қарздорлиги тўланиб, мақсадсиз сарфлаб, жуда кўп миқдорда бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда гумонланмоқда.
Хўжаликнинг маҳсулот етиштирувчилар билан тузилган шартномаси (фьючерс) мавжуд бўлмаса-да, муқаддам фаолият кўрсатмаган, даромадга эга бўлмаган, аксинча 2021 йилни 514 млн сўмлик зарар билан якунлаган, ҳисоб рақамида пул ва балансида мол-мулки бўлмагани учун қарз маблағини қайтаролмаса ҳам “Buyuk Javohir Timsoli” ФХга “бизнес-режада белгиланган мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экин маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш мақсадида ушбу маҳсулотларни харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун” 3 млрд. 800 млн. сўм қарз маблағини 8 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада имтиёзли шартларда ноқонуний ажратиб беради ва тақдим этилган бизнес режага зид равишда мақсадсиз сарфлаб, яна 3 млрд 800 млн. сўм бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани ёзилган.
Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Прокурорнинг дастлабки хулосасига биноан Азиз Воитов тағин бир неча жиноятларда айбланмоқда. У 2023 йилда “Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти”га 1 млрд. сўм ажратилишига эришиб, мазкур маблағлар мақсадсиз сарфланиб, жуда кўп миқдорда бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Тошкент давлат Аграр университетининг таъмир талаб бўлганлиги сабабли охирги ўн йиллар давомида фойдаланилмай келинаётган 3 та ётоқхонасини пайчилик асосида реконструкция қилиниб, уларнинг 2 таси Тошкент давлат Аграр университетига ва 1 таси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига турар-жой сифатида топшириш мақсад қилинган бўлса-да, ҳеч ким ва ҳеч қандай ҳолатда амалга оширишга ҳақи бўлмаган ҳаракатларни амалга ошириб, бино бузиб ташланиб, бинонинг яроқсиз ҳолатга келишига ва давлат ва жамият манфаатларига 26 млрд 172,9 млн сўм миқдорида зарар етказилишига сабабчи бўлгани айтилмоқда.
Юқоридагиларга кўра Воитов Азиз Ботирович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва мансаб сохтакорлигида ифодаланган моддаларидаги жиноятларни қасддан содир этганликда айбланмоқда.
Тергов вақтида Воитов кўрсатилган айбловларга фақат қисман иқрор эканлигини билдирган. Аммо у “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Олмазор филиалидан 600.000 Евро кредит олинганлигини кейинчалик билганини, ушбу жамиятга кредит ажратилишига умуман аралашмаганлигини, “Lanell group”, “Ostex ttz”, “Rainbow-teks” МЧЖга унинг алоқаси йўқлигини, бу завод унга тегишли эмаслигини, А.Урунбаев шу кунга қадар завод унга тегишли деб, унга туҳмат қилаётганини маълум қилган.
Унинг айтишича, кредит қарзи муддати 2027 йил сентябрь ойига қадар 7 марта ноқонуний узайтирилганига унинг алоқаси йўқ.
7 қаватли уйни қуриб берган “Beltepa master stroy” МЧЖ таъсисчиси унинг қайнотаси А.Каримов бўлганини тергов бошланганидан сўнг билган, бунга қадар ушбу ҳолатдан унинг хабари бўлмаган, қурилишда қайнота Каримов нима вазифани бажарганини билмаган эмиш.
Жаҳон банки инвестицияси-чи? Бу пулларнинг ҳам исроф бўлишига Воитов ўзининг алоқаси йўқлигини айтмоқда.
“Ўздонмаҳсулот” АКга қарашли бинони демонтаж қилиб қайтадан таъмирлаш учун Фармойиш лойиҳасини тасдиқлатиш учун Президент Администрациясига юбориб, Администрациядан эътироз мавжуд эмаслиги бўйича хат келганлигини, Фармойиш лойиҳасида “Сhipland” МЧЖ пудратчи бўлиши ва қурилишни молиялаштириш манбаси ҳам кўрсатилган бўлганини, бинони Жаҳон банки маблағи ҳисобидан реконструкция қилмоқчи бўлишганини, Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Фармойиш лойиҳасини ўзида олиб қолиб, унга Бош вазирга ўзи имзолатишини айтганлигини, шунингдек, ундан “Бинода таъмирлашни бошлайверайликми” деб сўраганида, у секин таъмирлатишни бошлаши мумкинлиги учун олиб киришини айтганлигини, лекин Фармойиш имзоланмасдан қолиб кетганлигини, бунга қадар “Сhipland” МЧЖ томонидан бино тўлиқ демонтаж қилиб бўлинганлигини, бино тўлиқ демонтаж қилинмасидан олдин лойиҳа бўйича бино фасадини ойна билан қоплаш ишини кўрмоқчи бўлиб, ойна қўйдириш учун фасаддаги бетонларни олиб туришни айтганлигини, бироқ, у вилоятдан хизмат сафаридан қайтиб келгунига қадар “Сhipland” МЧЖ томонидан бино тўлиқ демонтаж қилиб бўлинганлигини, Фармойиш лойиҳаси чиқмасдан туриб Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев айтганига ишониб, бинони демонтаж қилинганидан чуқур афсусдалигини билдирган. Бироқ, унга қўйилган айбловдаги бино нархига қўшилмаслигини, агар имконият берилса, бинони олдинги ҳолатига келтириш учун ҳаракат қилиб қайтадан реконструкция қилиб беришини ваъда қилган.
“Termiz Gold Kapital” МЧЖ, “Buyuk Javohir Timsoli” ФХга Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги томонидан қарз ажратилишидаги ноқонуний ҳаракатларга алоқаси йўқлигини билдирган. У қарз бўйича агентлик директори Каримовга топшириқ берган бўлса-да, унга белгиланган тартибда қарз ажратишни тайинлаганлигини, “ноқонуний йўл билан қарз ажрат” деб топшириқ бермаганлигини, у Х.Каримовга “қарз маблағи ажратиш масаласини кўриб чиқ” деб айтган жамиятлар ва фермер хўжаликларга вилоят ҳокимлиги мансабдор шахслари тавсия берганини очиқлаган.
“Тавсия қилинган жамият ва фермер хўжаликларини кўриб чиқ” деб айтганман, лекин айнан “Termiz Gold Kapital” МЧЖ, “Buyuk Javohir Timsoli” ФХни айтганимни эслай олмайман. “Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти” раҳбари Р.Низомов менга картошка навини яратиш учун маблағ зарурлигини айтиб, ушбу масалада ёрдам беришни сўрагани учун Х.Каримовни чақириб, белгиланган тартибда “Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти”га қарз маблағи ажратишни тайинлаганман, бироқ, айнан “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-225-сонли Қарори доирасида маблағ ажратиш ҳақида айтмаганман”, дея кўрсатма берган Воитов.
Очиқ суд мажлисларида Воитовнинг қариндошлари билан ўзаро суҳбатимиз давомида ҳам бу ишда уни шунчаки “крайник” қилиб қўйишганини айтишган эди. Ўшанда кимлар “крайник” қилишгани ҳақидаги саволимиз очиқ қолганди. Аммо барибир терговчи Азиз Воитовнинг кўрсатмаларига ишонмаган.
“Гарчанд эълон қилинган айбловга айбланувчилар Воитов Азиз Ботирович ва Ражабов Орзубек Отабаевичлар қисман иқрорлик билдириб, айбланувчи Урунбаев Алишер Фазлиддинович ўз айбига иқрор эмаслигини билдириб кўрсатув беришган бўлса-да, уларнинг айби иш бўйича тўпланган гувоҳлар ва фуқаровий даъвогарларнинг кўрсатувлари ҳамда далиллар мажмуи билан тўла ҳажмда ўз тасдиғини топган”, дейилади дастлабки хулосада.
Аммо биз мазкур видео орқали Воитовни жиноятчи, айбдор бемоқчи эмасмиз. Шундай ёки шундай эмаслигини тез орада суднинг ўзи аниқлайди. 7 ойдан бери давом этаётган биринчи инстанция судида қайси айбловлар ўз тасдиғини топгану қайсилари йўқ, афсуски буни кўриш, кузатиш имкониятидан маҳруммиз. Мақсадимиз жиноят иши ўзи нима ҳақидалиги, Воитовга қандай айблар қўйилгани, кимлар бу ишга алоқадорлиги ва “давлат сири” дея тус берилган аммо аслида “давлат пули” ҳақидаги жиноятнинг тафсилотини айтишдир.
Зеро, халқнинг ўз мансабдорлари ҳақида, ўз пуллари ҳақида билишга ҳаққи бор.
LiveБарчаси