“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ 398 млн сўмга Trailblazer сотиб олгани маълум бўлди
Жамият
−
26 Ноябрь 2020
9356“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонда қатъий карантин ўрнатилиб, мамлакатда чекловлар амал қилиб турган вақтда 398 млн сўмга Trailblazer русумли автомобиль сотиб олган.
Жамиятнинг маълум қилишича, exarid.uzex.uz порталида кўрсатилган маълумотлар тўғри. Ҳақиқатда ҳозирги кунда компания автопаркида Trailblazer LTZ AT автомашинаси мавжуд. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ хабарида бу машинани сотиб олиш нега керак бўлганига ҳам тўхталиб ўтилган.
“Мазкур автомашина узоқ масофага ҳамда тоғли шароитларга хизмат сафарлари учун мўлжалланган бўлиб, Жамиятнинг шундай турдаги машинага эҳтиёжи туфайли маҳаллий ишлаб чиқарувчи маҳсулоти шартнома асосида харид қилинган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ 252,2 минг км узунликдаги электр узатиш тармоқлари орқали Ўзбекистон Республикасининг маиший ва юридик истеъмолчиларига электр энергиясини етказиб беради.
“Ана шу электр тармоқларининг айрим қисми ноқулай тоғ шароитлари ҳамда оддий енгил автомашина етиб бориши қийин ҳудудлар ёҳуд талафот зоналарида (“Сардоба” сув омбори емирилиши туфайли содир бўлган каби) жойлашгани сабаб, бу ерда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишиш ва зарур ҳолларда оператив чоралар кўриш учун тезкор етиб бориш эҳтиёжи мавжудлиги сабаб Бошқарув кенгаши қарорига асосан харид қилингандир”, дейилади жамият хабарида.
Аввалроқ, Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани ҳокими Captiva туриб, хизмат машинаси сифатида 370 млн сўмга Trailblazer русумли автомобиль сотиб олгани хабар қилинганди.
Кейинроқ Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси Молия вазирлигининг расмий хатини қалбакилаштириб, Nexia-3 ўрнига 349 млн сўмга Equinox сотиб олгани маълум бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда давлат идоралари раҳбарларининг хизмат машинаси классини қатъий белгилаб қўйиш режалаштириляпти. Шунингдек, ҳозиргача қимматбаҳо автомобилларни сотиб олишга улгурган раҳарларнинг машиналари хатловдан ўтказилиб, аукционда сотилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь