Сурхондарё вилояти ДСБ Equinox сотиб олиш учун ҳужжатларни сохталаштиргани аниқланди
Жамият
−
12 Ноябрь 2020
11966Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси Молия вазирлиги хатини сохталаштириб, 349 млн сўмга Equinox русумли автомобиль харид қилган. Бу ҳақда Молия вазирлигининг Сурхондарё ДСБга йўллаган хати юзасидан берилган ахборот ва давлат харидлари тўғрисидаги порталда кўрсатилган.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан, бошқарма балансидаги мавжуд 2013 йилда ишлаб чиқарилган Nexia-2 русумли автотранспорт воситаси бугунги кунда эскириб яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли унинг ўрнига белгиланган лимит доирасида бир дона хизмат автомашинаси харид қилишга рухсат сўраб, 2020 йил 2 октябрдаги 23-31631-сонли хат билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига мурожаат қилинган.
Мазкур мурожаатга Молия вазирлигининг 2020 йил 9 октябрдаги ЕС 8724-сонли жавоб хати билан юқоридаги автотранспорт воситасини ўрнатилган тартибда сотиш ҳамда унинг ўрнига белгиланган лимит доирасида Солиқ органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир дона Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган Nexia-3 русумли хизмат автомашинаси харид қилишга эътирози йўқлиги билдирилган.
Бироқ, Ўзавто дилери “Авто-центр-Қашқадарё” билан Бошқарма ўртасида 2020 йил 30 сентябрда тузилган 3-250-2020-1563UA-сонли шартномага асосан ДСБ Equinox русумли автотранспорт воситаси харид қилган.
Молия вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат суриштирувига асосан, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган хат, хусусан, Сурхондарё вилоят Ғазначилигига тақдим этилган Молия вазирлигининг юқорида қайд этилган 2020 йил 9 октябрдаги ЕС 8724-сонли хати ўзгартирилганлиги, яъни "Nexia-3 русумли" сўзлари чиқариб қалбакилаштирилганлиги аниқланган.
Ушбу хатда электрон тартибда жойлаштирилган QR коди сканер қилинганда хатнинг асл нусхасини кўриш мумкин.
“Юқоридагиларни инобатга олиб, ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ваколати доирасида Молия вазирлигининг жавоб хатига ўзгартириш киритган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши юзасидан ўрнатилган тартибда Молия вазирлигининг мурожаати йўлланди”, дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 2 апрелдаги “Бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ташкилотларда хизмат енгил автотранспортидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги 154-сонли қарорига асосан белгиланган лимит доирасида хизматда фойдаланиш учун транспорт воситаларини сотиб олиш Ўзбекистон Республикаси бюджетидан маблағ олувчи ташкилотлар томонидан - фақат Молия вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.
LiveБарчаси