Молия вазирлиги QALAMPIR.UZ'да эълон қилинган мурожаатга мужмал жавоб қайтарди
Жамият
−
24 Февраль 2023
12010Хабарингиз бор, QALAMPIR.UZ’да “Молия вазирлиги Президент қарорини бажармайдими ёки гап Маданият вазирлигидами?” номли мақола ва видео интервью эълон қилинган эди. Унда Бухоро вилояти маданият бошқармаси ходимлари Президентнинг 2020 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорининг 11-банди ижроси таъминланмагани, Маданият вазирлиги ходимлари учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш пулларини олмагани,суд қарори ходимлар фойдасига чиқарилганига қарамай, белгиланган пуллар ундирилмагани ҳақида айтилган эди. Мазкур мурожаат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мужмал муносабат билдирди.
Вазирлик ўз баёнотини Президентнинг юқоридаги қарорини тушунтиришдан бошлаган.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги қарорининг 11-бандида Давлат хизматчилари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тизими жорий этилгунига қадар Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан Маданият вазирлиги ходимларининг кўп йиллик меҳнати учун ҳар ойлик моддий рағбатлантириш жорий этилиши белгиланган.
Маданият вазирлиги марказий аппарати ходимларига:
- 1-5 йилгача – 0,3;
- 5-10 йилгача – 0,6;
- 10-15 йилгача – 0,9;
- 15 йилдан ортиқ – 1,2;
ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимларига:
- 1-5 йилгача – 0,1;
- 5-10 йилгача – 0,2;
- 10-15 йилгача – 0,3;
- 15 йилдан ортиқ – 0,4 коэффициент тўланиши белгиланган.
Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги 3325-сонли қарорига асосан Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига (Жамғарма) республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан йўналтирилиши белгиланган”, дейилади вазирлик муносабатида.
Айтилишича ҳукуматнинг тегишли қарор ва баёнларига асосан 2021 йилда Жамғармага республика бюджетидан жами 101,3 млрд сўм (ўзлаштирилмаган маблағ 3,0 млрд сўм), 2022 йилда 179,9 млрд (2022 йилда ўзлаштирилмаган маблағ 20,5 млрд) сўм ажратилган.
Вазирликнинг маълум қилишича, Жамғармага 2018 йилда 16,0 млрд сўм ажратилган бўлса, 2022 йилда 179,9 млрд сўм ёки 2018 йилга нисбатан 11 баравар кўп маблағ ажратилган.
Аммо вазирлик жамғармага маблағларнинг қайси мақсадда (маданият ходимлари маошлари ёки бошқа эҳтиёжлар учун?) ўтказганини очиқламаган.
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида”ги Низомига асосан Жамғарма Кенгаши Жамғарманинг юқори органи ҳисобланиши ҳамда Жамғарма Кенгаши Кенгаш Раисининг таклифига биноан Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметасига ўзгаришлар киритиши мумкинлиги белгиланган.
Шунингдек, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Васийлик кенгашининг 2021 йил 12 мартдаги 1-сонли йиғилиш баёнига асосан Жамғарманинг ижрочи директорига бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган тадбирларни ажратилган маблағлар доирасида жорий талабдан келиб чиқиб, қайта тақсимлаш ваколати берилган.
Бундан ташқари, бюджет қоидаларига кўра бюджет ташкилотлари томонидан ажратилган маблағларни харажат қилишда биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун маблағ назарда тутилиши лозим”, дейилади муносабатда.
Вазирлик хулоса ўрнида, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бюджет ташкилотларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган маблағларни молиялаштиради ва ушбу маблағларни камайтириш ёки кўпайтириш ваколатига эга эмаслигини билдирган. Қолаверса, Давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан фойдаланиш бўйича масъулият бюджет ташкилотларининг зиммасида эканлигини маълум қилган.
Шунингидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 мартдаги “Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Маданият вазирлиги, ҳудудий маданият бошқармалари, туман (шаҳар) маданият бошқармалари ходимларини моддий рағбатлантириш тўловлари 2022 йилдан Маданият вазирлиги орқали Давлат бюджетидан маблағ ажратилгани маълум қилинган.
“Молия вазирлиги Президент қарорини бажармайдими ёки гап Маданият вазирлигидами?” номли мақола ва видео интервьюни QALAMPIR.UZ'нинг You Tube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси