АҚШ Ўзбекистондаги яна икки компанияга санкция киритди
Жамият
−
31 Октябрь
12870АҚШ Ўзбекистондаги иккита компания – Uzstanex ва The Elite Investment Group'ни санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда Қўшма Штатлар Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) хабар берди.
OFAC томонидан Россия ҳарбий-саноат комплексини ривожлантириш билан боғлиқ 275 га яқин шахс ва ташкилотларга нисбатан санкциялар киритилган. "Қора рўйхат"га Россия Мудофаа вазирининг беш ўринбосари (Анна Цивилёва, Александр Фомин, Павел Фрадков, Виктор Горемикин, Андрей Булига), умумий ҳисобда 400 га яқин жисмоний ва юридик шахслар киритилган.
Чекловлар Хитой, Швейцария, Туркия, БАА ва Ҳиндистондан келган хорижий фуқаролар ва юридик шахсларга ҳам тегишли ҳисобланади.
Санкцияга учраган компаниялар орасида Uzstanex ва The Elite Investment Group деб аталувчи Ўзбекистоннинг икки компанияси ҳам келтирилган.
Савдо ташкилотларининг ягона давлат реестрига кўра, Uzstanex 2018 йил июль ойида рўйхатдан ўтган ва механик дастгоҳларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланади. Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган компаниянинг устав фонди 65 миллион сўмни ташкил этади. Фирманинг ягона таъсисчиси – Василий Виталевич Абрамов, унинг директори – Дмитрий Александрович Бойсов.
The Elite Investment Group 2024 йил январь ойида улгуржи номутахассис савдо учун ташкил этилган. Устав фонди 3 миллион сўм бўлган компания Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган. Унинг асосчиси ва директори – Нодира Абдусатторовна Қозоқбоева.
АҚШ Давлат департаментига кўра, The Elite Investment Group 2024 йилнинг март ойидан май ойига қадар Россия компанияларига, шу жумладан, АҚШда рўйхатдан ўтган ва Россияда жойлашган GTS Group компаниясига юқори устуворликдаги товарларнинг умумий рўйхатидан (CHPL) тахминан 190 минг долларлик маҳсулотлар, шу жумладан, Туркиянинг Guclu Global компаниясидан агент-ташувчи сифатида фойдаланган ҳолда электр трансформаторларини етказиб берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Савдо вазирлигининг Саноат ва хавфсизлик бюроси Россиядан 12 та ва Ўзбекистондан битта компанияга Америка технологиялари ва товарларини етказиб беришни чеклаганди. Чунки АҚШ ҳукумати бу ташкилотларнинг хатти-ҳаракатлари миллий хавфсизлик ҳамда мамлакат манфаатлари ва ташқи сиёсатига зид, деб ҳисоблаганди. АҚШ расмийларининг фикрича, санкциялар рўйхатига киритилган ташкилотлар Россия Қуролли кучларини учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олиш, ишлаб чиқиш ва тарқатиш орқали қўллаб-қувватлайди. Бошқалар қаторида Россиянинг дрон ишлаб чиқарувчи ZALA Aero компанияси ҳам рўйхатга киритилганди. Шунингдек, Қўшма Штатлар Ўзбекистондаги устав капитали 1 миллион доллар бўлган, электрон бутловчи қисмларни етказиб бериш билан шуғулланувчи Mvizion компаниясини ҳам “қора рўйхати”га киритганди.
LiveБарчаси