Зарбдор ҳокими Captiva`си бўла туриб, салкам 400 млнга Trailblazer сотиб олди

Жамият

image

Жиззах вилояти Зарбдор тумани ҳокими хизмат машинаси бўла туриб, 370 млн сўмга Trailblazer русумли автомобиль сотиб олгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ҳокимнинг янги автомобиль сотиб олганига “Жиззах” телеканали лавҳасида изоҳ берилди.

Маълум бўлишича, 5 октябрь куни туман ҳокими бир дона Trailblazer русумли хизмат машинаси сотиб олиш мақсадида фармойиш чиқарган. Бунинг учун 370 миллион 140 минг сўм маҳаллий бюджетнинг учинчи чорак даромадлар режасидан ошириб бажарилган қисмидан ажратилиши белгиланган.

Тумани ҳокими Зафар Рўзиев шифохонада даволанаётгани, унинг биринчи ўринбосари эса хизмат сафарида эканлиги сабабли пуллар тумандаги муаммоларга эмас, машина сотиб олишга сарфланганига Зарбдор тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алишер Эржигитов жавоб берган.

Алишер Эржигитов Trailblazer сотиб олинишига тумани ҳокимининг ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлим бошлиғида хизмат машинаси йўқлигини сабаб қилиб кўрсатган.

“Ажратилган маблағга озроқ қўшган ҳолда хизмат машинаси олинди. Ҳоким миниб юрган Captiva русумли автомашина таъмирдан чиқарилиб, биринчи ўринбосарга берилди. Биринчи ўринбосар хизматида бўлган Lacetti автомашинаси эса таъмирланиб, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш масалалари бўйича ҳоким ўринбосарига берилди”, деди тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари.

Туман 2020 йилнинг 9 ойлик якуни бўйича тушумни 1 миллиард 327 миллион сўм бюджетдан орттириб бажарган.

“Орттириб бажарилган пулдан туман тиббиёт бирлашмасига маблағ ўтказиб берилди. Мактаб ўқувчиларини пандемия даврида ҳимоялаш учун халқ таълими бўлимига хавфсизлик мосламалари учун ҳам маблағ ўтказилган. Бундан ташқари, “темир дафтар”га киритилган ва қийналган оилаларга ёрдам сифатида маблағ чиқарилган. “Аёллар дафтари” ҳамда “ёшлар дафтари”ни ташкил қилиш учун маблағлар сарфланган. “Адировот” маҳалласидаги ҳокимият балансида бўлган бинонинг 2-қаватига 250 млн сарфлаб, уйсиз юрган 5 та оилага уй-жой қилиб, уларни жойлаштирдик. “Янгикент” маҳалласида сув таъминотини яхшилаш учун 67 миллион сўм йўналтирилган. Шунингдек, 8 та кўчага шағал ётқизиш мақсадида ёқилғи маҳсулоти учун маблағ сарфланган”, деди ҳокимлик вакили.

Эслатиб ўтамиз, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасида маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилиши лозимлиги белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Trailblazer

Баҳолаганлар

1165

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг