Ҳокимликлар Мустақиллик байрамига қанча маблағ сарфламоқчи?
Жамият
−
30 Август
6986Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган Мустақиллик байрамига вилоят ҳокимликлари томонидан қанча сумма сарфланиши очиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимларининг тегишли фармойишлари чиқарилди.
Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов томонидан имзоланган фармойишда вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси томонидан вилоят бюджетининг 2024 йил II чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан вилоят Маданият бошқармасига Мустақиллик байрами тадбирларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун 704 миллион сўм маблағ ажратиш кераклиги белгиланган. Унда ушбу маблағни ажратиш кечиктириб бўлмайдиган чора сифатида баҳоланиши кераклиги таъкидланган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги эса Ўзбекистоннинг 33 йиллиги учун 400 миллион сўм сарфлашни режа қилган. Байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ишлатиладиган бу пуллар вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан Маданият бошқармасига ажратилиши келтирилган. Фармойиш вилоят ҳокими Зойир Мирзаев томонидан имзоланган.
Фарғона вилояти ҳокимлиги эса вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров имзоси билан тасдиқланган фармойиш асосида давлат мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг якуний вилоят босқичини ташкил этиш ва танлов ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар учун вилоят маҳаллий бюджетининг 2024 йилги захира жамғармаси ҳисобидан Маданият бошқармасига 68 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам вилоятда Мустақилликнинг 33 йиллик тадбирини ташкиллаштиришга бюджетдан салкам 1 миллиард сўм ажратиш ҳақида фармойиш чиқарган. Тошкент, Сурхондарё ҳамда Фарғона вилоятлари ҳокимликларидан фарқли ўлароқ, Андижон ҳокимлиги ушбу маблағларни нималар учун сарфланишини келтириб ўтган. Яъни, умумий ажратилган 860 миллион сўмнинг 500 миллион сўми саҳна экрани, овоз кучайтиргич, “свет” ҳамда дим учун, 100 миллион сўм қисми эса безаклар учун, 200 миллион сўм эса мушак ҳамда алоҳида катта экран учун сарфланади. Пулнинг қолган 60 миллион сўми 24 нафар оддий раққоса ва 8 нафар мақом раққосаси киядиган кўйлакларни сотиб олишга сарфлади. Ҳокимлик Хонобод шаҳрида жорий йилнинг 29-31 июль кунлари бўлиб ўтган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивалига барча манбалар ҳисобидан жами 6 миллиард сўм маблағ сарфлаганини маълум қилган эди.
Байрамга катта пул сарфлаётган ҳокимликлар орасида Қашқадарё вилояти ҳам бор. Вилоят ҳокими Муроджон Азимов чиқарган фармойиш билан тадбирларга 903 миллион сўм ажратилган. Маблағнинг 331 миллион сўми Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган байрам тадбирида вилоят жамоасини иштирок этиши билан боғлиқ харажатлар (бориб-келиш, автобус ижараси, меҳмонхона ва овқатланиш) учун сарф қилинади. Қолган 572,7 миллион сўм эса вилоятдаги ташкилий ишларга йўналтирилади. Яъни, лед монитор, фервейк, свето-музика, саҳна подиуми, лазер ва дим, овоз кучайтиргич, пушка ижараси, половик, 20 нафар раққоса ва тадбирни тайёрлаган мутахассисларнинг хизмат ҳақи, овоз ёзиш харажатлари, 2000 та гелийли шарлар, табиий гуллар билан безаш, баннер харажатлари, байрам табрикномаларини тайёрлаш учун ишлатилади.
Тадбир учун энг катта сумма йўналтирган ҳокимлардан яна бири Жиззах вилояти бўлиб, вилоят ҳокимлиги ажратган маблағ рекорд даража қайд этмоқда – 1 миллиард 540 миллион 3 минг сўм. Вилоят ҳокимлиги Жиззах шаҳрида жойлашган “Ўрда” боғида ўтказиладиган Мустақиллик байрами билан боғлиқ тадбирлар учун ажратилган суммалар ҳақида маълумот берар экан, уларнинг сметасини ҳам очиқлаган:
- Вилоятга Тошкент шаҳридан ташриф буюрадиган таниқли бир гуруҳ санъаткорлар учун гонорар – 325 миллион сўм. Санъаткорлар 5 нафар бўлиб, ҳар бирига 65 миллион сўмдан берилади;
- 1 нафар овоз режиссёри учун 10 миллион сўм.
Ҳокимликнинг бюджет ҳисобидан Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб ўтадиган асосий байрам тантаналарида иштирок этадиган вилоят ижодий жамоаси учун эса:
- Байрам бош саҳнасида қатнашувчи 28 нафар ижодий гуруҳнинг ҳар бирига меҳмонхона, тушлик ҳамда кечки овқат учун 390 минг сўмдан 10 миллон 920 минг сўм, 25 кунлик ижара учун эса 262 миллион 80 минг сўм, умумий ҳисобда 273 миллион сўм;
- 50 дона 380 минг сўмлик (донаси, кунига) LED BAR декоратив чироқлар ижара учун – 19 миллион сўм;
- 48 дона 670 минг сўмлик (донаси, кунига) BEAM 330W рангли чироқлар ижарасига – 32 миллион 160 минг сўм;
- 12 дона 1 миллион 540 минг сўмлик (донаси, кунига) чақмоқ салют (Искта фонтан)га – 18 миллион 480 минг сўм;
- 50 дона 380 минг сўмлик (донаси, кунига) Zalivka LED BAR саҳна ёритиш чироқлари учун – 19 миллион сўм;
- 8 дона 1 миллион 650 минг сўмлик (донаси, кунига) HAZER H2-03 декоратив тутун учун – 13 миллион 200 минг сўм;
- 40 дона 670 минг сўмлик (донаси, кунига) Led Wash Mini B-eye чироқлари ижарасига – 26 миллион 800 минг сўм;
- 300 дона 215 минг сўмлик (кв.м) Led экранларини ўрнатиш учун металлконструкция хизмати – 64 миллион 500 минг сўм;
- 66 та 270 минг сўмлик (метр) Allumin ferma Tech Truss ижарасига – 17 миллион 820 минг сўм;
- Mode Tech Team механизм лебедка конструкцияси 2 тонна – 7 миллион 800 минг сўм;
- Alumin фермани кузатувчи механизм ижарасига – 12 миллион сўм;
- Видео процессор ижарасига – 5 миллион сўм;
- Экран ва чироқларни бошқарувчи ходимлар учун – 3 миллион сўм;
- Чироқларни бошқариш пульти ижараси – 8 миллион сўм;
- Байрам салюти учун эса 200 миллион сўм ажратилган.
LiveБарчаси