Андижондаги “Дунё садолари” 6 млрд сўмга тушди
Жамият
−
04 Август
12761Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида 29-31 июль кунлари бўлиб ўтган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивалига барча манбалар ҳисобидан жами 6 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, фестиваль давомида Хонобод шаҳрига маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчилар сони 2,5 баробарга (2 млн нафар) ортган. Тадбиркорлик субъектларида тушум кескин ортган. Жумладан, 2024 йилнинг 7 ойи давомида тушум 48 миллиард сўмни ташкил қилиб, (шундан 29-31 июль кунлари 8,5 миллиард сўмга етган) ўтган йилнинг мос даврида нисбатан 2 баробарга ортган.
Ҳокимликка кўра, бу кўрсаткичлар Хонобод шаҳридаги тадбиркорлик субъектларининг ва аҳолининг даромади ошганлигини кўрсатмоқда. Савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар сони ўтган 2023 йилда 48 тани ташкил этган бўлса, 2024 йилдаги халқаро тадбир давомида доимий фаолият олиб борувчи тадбиркорлик фаолиятлари сони 230 тага кўпайиб, қарийб 5 баробарга кўпайган. Меҳмонларга хизмат кўрсатувчи дала ҳовли ва уй меҳмонхоналаридаги ётоқ жойлар сони 1900 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилда бу рақам 6 мингдан ортган.
Шунингдек, аҳоли даромадларини ошириш, иш билан таъминлаш ва кам даромадли фуқароларнинг даромадини оширишда “Сайхунобод”, “Уйчи” тажрибаси асосида 600 дан ортиқ хонадонларда уй-меҳмонхоналар ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вилоятда ўтган “Дунё садолари” халқаро фестивали бўйича журналистлар билан Хонобод шаҳрида ўтказилган мулоқотда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг журналистларга қарата “Менинг гапларимдан кавак қидирманглар. Овора бўлиб ёмонлик қидирмаларинг. Қўлларингдан бало ҳам келмайди барибир... Минг ўйлаганинг билан сочинг оқаради ёки тўкилади, холос, бошқа нарса бўлмайди”, деган сўзлари қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди.