Ҳоким ўринбосарини ёқиб юборган яккабоғлик тадбиркор иши судга жўнатилди
Жамият
−
04 Сентябрь 2019
4809Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан Баҳриддин Исомовга нисбатан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизмати хабар берди.
Жиноят иши қўзғатилишига, 20.07.2019 йилда Б.Исамов Яккабоғ туманидаги “Эски Яккабоғ” қўрғони кўчаларида ободонлаштириш ва қурилиш ишлари жараёнида туман ҳокимининг ўринбосари Мансур Туймаевнинг юз қисмига бензин сепиб, уни ёқиб юбориб, ўлдиришга суиқасд қилганлиги ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар асос бўлган.
Баҳриддин Исомов ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми “г,л” бандлари билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, суднинг ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида “қамоқ” қўлланилган.
Тергов давомида ўтказилган суд психология экспертизасининг хулосасига кўра, айбланувчи Баҳриддин Исомов мазкур жиноятни содир қилган вақтида кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида бўлган.
Юқоридагиларга кўра, айбланувчи Баҳриддин Исомовга нисбатан эълон қилинган айблов ЖКнинг 25, 98-моддасига қайта малакаланиб, қўлланилган “қамоқ” эҳтиёт чораси, “гаров” эҳтиёт чорасига ўзгартирилган.
Бундан ташқари, тергов давомида Яккабоғ тумани хокимининг ўринбосари М.Туймаевнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, унга нисбатан ЖКнинг 192[1]-моддаси 3-қисми “а” банди ва 206-моддаси 2-қисми “а” банди билан айблов эълон қилинган ҳамда муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги “тилхат” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши жорий йилнинг 30 август куни айблов хулосаси билан ЖИБ Яккабоғ тумани судига юборилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 июль куни соат 17:30 ларда 1976 йилда туғилган Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев. “Ҳисор Сарлочин” МЧЖга тегишли савдо дўконларини бузиш ишларини ташкиллаштираётган вақтда мазкур жамиятда ишловчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Бахриддин Исомов ўзига тегишли савдо дўконини бузилишига фаол қаршилик кўрсатиб, Мансур Туймаевнинг юз қисмига елим идишда бўлган бензин ёқилғисини сепиб, уни ёқиб юборган. Руй берган воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари бошланган.
27 июль куни Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов “Эски Яккабоғ” қўрғонида бўлиб, ҳолат юзасидан вилоят масъуллари билан мулоқот қилган. Абдусалом Азизов Баҳриддин Исомовга тегишли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш дўкони бетон ғиштдан қурилган бино эканини таъкидлаб, бу бинони бузишга уринган туман масъуллари ишини қоралаган. Туман ҳокими, воқеа “қаҳрамони” Туймаев ҳамда туман прокурори ишдан олинган.
LiveБарчаси