Ҳиндистон аҳолиси 2080 йилда қанчага кўпайиши айтилди
Олам
−
11 Июнь
11593Ҳиндистон аҳолиси ҳозирда тахминан 1,5 миллиард кишини ташкил этмоқда, келажакда эса бу рақам яна 200 миллионга ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Аҳоли жамғармаси (UNFPA) ҳисоботида қайд этилган.
Ҳисоботда айтилишича, мамлакатдаги аҳоли сони таҳминан 40 йилдан кейингина камайишни бошлайди.
“Ҳозирда Ҳиндистон дунёдаги энг кўп аҳолига эга мамлакат бўлиб, аҳолиси тахминан 1,5 миллиард кишини ташкил этади. Кутилишича, бу рақам 1,7 миллиардгача кўтарилади ва тахминан 40 йилдан сўнг камайишни бошлайди”, дейилади ҳисоботда.
Ҳужжатда таъкидланишича, Ҳиндистонда бир аёлга ўртача икки нафар бола тўғри келади. Умуман олганда, халқаро ташкилот прогнозига кўра, Ер аҳолиси 2080 йилларнинг ўрталарида 10,3 миллиард кишига етади.
БМТнинг “World Population Prospects” (Жаҳон аҳоли истиқболлари) номли ўтган йилги ҳисоботида Ҳиндистон аҳолиси ушбу асрнинг 2060 йилларнинг бошида чўққига чиқиб, тахминан 1,7 миллиард кишига етиши прогноз қилинган эди.
Маълумот учун, Ер юзи аҳолисини реал вақт режимида ҳисобловчи “Worldometer” портали маълумотларига кўра, ҳозирда сайёрада 8 миллиард 213 миллиондан кўпроқ аҳоли яшамоқда. Дунё аҳолиси сони бўйича рейтингда 1,5 миллиард киши билан Ҳиндистон етакчилик қилмоқда. Ўзбекистон эса 37 миллиондан кўпроқ аҳоли билан 43-ўринда қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Финляндиянинг Аалто университети тадқиқотчилари сайёрани квадрат зоналарга ажратишнинг анъанавий усули шаҳарлардан ташқарида яшовчи одамлар сонини сезиларли даражада кам баҳолашга олиб келишини таъкидлаганди. Тадқиқотчиларга кўра, Ер аҳолиси расмий ҳисобдан анча кўп бўлиши мумкин.