Ерда ҳисоблангандан бир неча млрд кўпроқ одам бўлиши мумкин
Бу қизиқ
−
24 Март
17610Ер аҳолиси расмий ҳисобдан анча кўп бўлиши мумкин – барчаси қишлоқ аҳолиси сонини ҳисоблашдаги хатолар туфайли. Финляндиянинг Аалто университети тадқиқотчилари сайёрани квадрат зоналарга ажратишнинг анъанавий усули шаҳарлардан ташқарида яшовчи одамлар сонини сезиларли даражада кам баҳолашга олиб келишини таъкидламоқда. Бу ҳақда “Science Alert” хабар берди.
Олимлар 1975-2010 йиллар оралиғидаги маълумотларни таҳлил қилиб, глобал демографик базалар қишлоқ аҳолиси сонини 53-84 фоизга кам ҳисоблаганини аниқлаган. Бу эса ҳисобга олинмаган одамлар сони бир неча миллиардга етиши мумкинлигини англатади.
“Биз қишлоқ жойларда ҳақиқий аҳоли сони глобал маълумотларга қараганда анча юқори эканлигига ҳайрон қолдик. Ишлатилган маълумотлар базасини кўздан кечириб, 1975-2010 йиллар оралиғида қишлоқ аҳолиси сони 53 фоиздан 84 фоизгача кам баҳоланган”, дейди Аалто университетининг атроф-муҳит муҳандиси Хосиас Ланг-Риттер.
Тадқиқот муаллифлари 35 та давлатдаги 307 та гидротехник лойиҳага оид маълумотларни ўрганиб чиққан. Улар расмий манбалар келтирган кўчирилган аҳоли сонини ушбу ҳудудлардаги аҳоли сонига оид бешта йирик демографик база асосидаги баҳолаш натижалари билан таққослаган. Маълум бўлишича, қишлоқ жойларда одамлар, хусусан, тиббий хизматлар ва инфратузилмага оид маълумотлар шаҳарлар билан солиштирганда анча кам қайд этилган.
“Аҳолининг муҳим бир қисми глобал демографик маълумотлар базаларида ҳисобга олинмаган бўлиши мумкинлигини илк бор бизнинг тадқиқотимиз исботламоқда”, дейди Хосиас Ланг-Риттер.
Барча мутахассислар ҳам бу хулосаларга қўшилмайди. Баъзилар замонавий сунъий йўлдош тасвирлари ва такомиллаштирилган маълумот йиғиш усуллари хатоликларни камайтириши мумкинлигини таъкидламоқда. Аммо ҳақиқий тафовутлар бундан кичикроқ бўлса ҳам, гап барибир давлат хизматларини режалаштириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини прогноз қилишда инобатга олинмаган юз миллионлаб одамлар ҳақида кетмоқда.
Тадқиқотчилар аҳолини, айниқса қишлоқ жойларда, ҳисоблаш усулларини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда, бу эса ресурсларни аниқроқ тақсимлаш имконини беради.
Маълумот учун, Ер юзи аҳолисини реал вақт режимида ҳисобловчи “Worldometer” портали маълумотларига кўра, ҳозирда сайёрада 8 миллиард 213 миллиондан кўпроқ аҳоли яшамоқда. Дунё аҳолиси сони бўйича рейтингда 1,4 млрд киши билан Ҳиндистон етакчилик қилмоқда. Ўзбекистон эса 37 миллиондан кўпроқ аҳоли билан 43-ўринда қайд этилган.
LiveБарчаси