Интернетга қарамликнинг асосий сабаби маълум бўлди

Бу қизиқ

−

visibility569 timer2 дақиқа

image

Дунё аҳолисининг 10 фоиздан ортиғи интернетдан фойдаланишдан азият чекаётган бўлиши мумкин, бироқ бунда ирода кучини эмас, балки рақамли платформалар дизайнини айблаш керак. Халқаро комиссия таркибидаги психиатр ва психологлар ана шундай хулосага келишди. Бу ҳақдаги тадқиқот “Earth.com”да эълон қилинди.

Қайд этилишича, мутахассислар тармоққа қарамлик кўламини баҳолаш учун мавжуд тадқиқотларни таҳлил қилиб чиққан.

Бунга ўйин ва қиморга оид муаммолар, васвасали онлайн-шопинг, ижтимоий тармоқларга “ёпишиб қолиш” ҳамда киберхондрия – инсоннинг тармоқдан хавотир билан касаллик аломатларини қидириш ҳолати киради. 16 ёшдан 24 ёшгача бўлган ўсмирлар ва ёшлар ижтимоий тармоқларда кунига ўртача 3,5 соат вақт ўтказади, даромад даражаси паст ва ўртача бўлган мамлакатларда эса бу муаммо бой давлатларга қараганда тез-тез учрайди.

Флиндерс университетининг катта илмий ходими Андреа Чаконинг сўзларига кўра, кўплаб сервислар диққатни ушлаб туриш учун атайлаб шундай лойиҳалаштирилади. Тугамайдиган лента, видеоларнинг автоматик ижро этилиши, шахсий тавсиялар ва кутилмаган мукофотлар телефонни ўз вақтида четга суриб қўйишга халақит беради. Маъруза муаллифлари, шунингдек, ёшларга таъсири деярли ўрганилмаган сунъий интеллектли чат-ботларнинг ривожланишидан ҳам хавотирда.

Экспертлар мактабларда смартфонларни тақиқлаш ёки видеоўйинларга қатъий чекловлар қўйиш кўпинча кутилган натижани бермаслигини таъкидлаган. Бунинг ўрнига ҳукуматларга технологик компаниялар зиммасига хавфсиз дизайнни жорий этиш, болалар учун диққатни ушлаб турувчи функцияларни чеклаш ҳамда фойдаланувчиларни уйқу ва руҳият учун хавфлар ҳақида огоҳлантириш мажбуриятини юклаш тавсия этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг 29 та штати Meta Platforms компаниясини Facebook ва Instagram платформалари болалар ҳамда ўсмирларда қарамлик келтириб чиқарадиган ва уларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган тарзда ишлаб чиқилганида айблаб, судга даъво аризаси киритганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг