Юнусободда бошланган “снос”, “қўли қисқараётган” Назарбоев, олтин бозорига кираётган Усмонов... Бугун нималар бўлди?

Таҳлил

image
Якунига етаётган 27 январь Ўзбекистон ва халқаро майдонда қатор муҳим воқеалар юз бергани билан ёдда қолмоқда. QALAMPIR.UZ дайжестида куннинг энг муҳим воқеалари қисқача тафсилоти билан танишинг.

Жамият 

Тошкентда террорчилик ташкилотига аъзо катта гуруҳ ушланди

Тошкентда “Тавҳид ва жиҳод катибати” (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан террористик деб топилиб, мамлакатимиз ҳудудида унинг фаолияти тақиқланган) номли террорчилик ташкилотининг бир гурух аъзолари ушланди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри ҳудудида жамоавий йиғинларни ўтказиб, келгусида Сурия ҳудудида фаолият юритаётган террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилишни режалаштириб келган.

Бугундан “метан заправка”лар фаолияти қисман тикланди

Бугун, 27 январь соат 9:00 дан бошлаб шаҳарлараро йўналишлар бўйлаб, шунингдек, аксарият ҳудудларда газ қуйиш шохобчалари ишлай бошлайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, айни дамда Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари бундан мустасно бўлиб, ушбу ҳудудларда газ таъминотининг иш режимини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

“Эртага эрталабдан бошлаб республикамиздаги барча газ қуйиш шохобчалари иш фаолиятини тиклаш режалаштирилмоқда”, дейилади вазирлик расмий хабарида.

Ўзбекистон ҳарбий қудрат бўйича дунё рейтингида пастлади

Ўзбекистон ҳарбий салоҳияьт бўйича Марказий Осиёда биринчи, дунё бўйлаб 54-ўринни эгаллади. Бу ўтган йилдагига қараганда 3 поғона паст дегани. Бу ҳақда “Global Firepower”нинг янгиланган рейтингида қайд этилган.

Мутахассислар қуролли кучларни элликта параметр бўйича баҳолаган. Улар орасида қўшинлар сони, техник таъминот, молиялаштириш ва аскарлар ҳаракатчанлиги кўрсаткичлари каби мезонлар мавжуд.

Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари орасида Ўзбекистон энг яхши натижаларга эришди: республика рейтингнинг 51-поғонасини эгаллади. Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон мос равишда 64, 83, 90, 111-ўринлардан жой олган. “Толибон” ҳокимиятни эгаллаган Афғонистон 118-ўринни банд қилган.

Шошилинч ахборот! Ўзгидромет чанг бўронидан огоҳлантирди

Тошкент вилоятида кучли шамол эсиши оқибатида чанг бўрон ва ғуборлар кузатилиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.

Марказ хабарига кўра, бугун, 27 январь куни Туркманистон ҳудудидан илиқ ҳаво оқими кириб келган. Натижада ҳарорат ва атмосфера босимининг нисбатан градиентлари вужудга келиши ҳисобига Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг баъзи жойларида шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Шу сабабдан мазкур ҳудудда чанг бўрон ва ғуборлар кузатилиши мумкин.

Энергетика вазирлиги ҳайдовчилардан АИ-80 бензинидан фойдаланишни сўради

Энергетика вазирлиги газ шохобчалардаги чекловлар сабаб ҳайдовчилардан Аи-80 бензинидан фойдаланиб туришни сўради. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, айни пайтда Фарғона водийсига газ таъминотини нормаллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ишларни яқин вақт ичида якунлаш режалаштирилган.

Хабарга кўра, бугун, 27 январь куни соат 9:00 дан бошлаб шаҳарлараро йўналишлар бўйлаб, шунингдек аксарият ҳудудларда газ қуйиш шохобчалари одатий иш режмида ишлай бошлади. Айни пайтда Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида газ босими меъёри пастлиги боис, ушбу вилоятлардаги газ қуйиш шохобчаларида вақтинчалик чекловлар сақланиб турибди.

Юнусободда яна “снос”. Бош ролда прокуратура ходими Умид Азизов

25 январь. Бутун Ўзбекистон 20 соат давомида “свет”сиз қолди. Ҳатто, пойтахт Тошкент ҳам зулматга чўмиб, республика раҳбарияти энергетика соҳасидаги муаммоларни бартараф қилиш, одамларни тинчлантириш билан овора бўлиб турган бир пайтда “снос”ни “касб” қилиб олганлар эски “қилмиш”ларини такрорлади. Эчкига жон қайғуси, қоссобга мой қайғуси деб шуни айтишса керак.

Гап 25 январь куни Юнусобод туманининг 6-мавзесида бузилган дўконлар ва уларнинг бир неча соатга қамаб қўйилган раҳбарлари хусусида кетмоқда. Бош ролда эса Юнусобод тумани 2-сектор котиби – прокуратура ходими Умид Азизов. Сиз уни аввалги “снос”ларга бош-қош бўлгани ва QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновани ички ишлар идораларига олиб кетиш билан таҳдид қилгани орқали яхши танийсиз. 2021 йилнинг сентябрида муҳокамалар марказига чиққан ушбу воқеа ортидан Азизовга нисбатан дастлаб, “одоб дарси” сўнгра, “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилади. Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари Шуҳрат Қўчқоровга нисбатан интизомий жазога тортиш бўйича иш қўзғатилди.

Олам

Беш давлат ўз дипломатларини Украинадан эвакуация қилади 

АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Германия ва Канада ўз дипломатларининг бир қисми ва уларнинг оила аъзоларини Украинадан эвакуация қилмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда. 

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг сўзларига кўра, Украинадаги 129 дипломатик ваколатхонадан фақат тўртта давлат — АҚШ, Австралия, Буюк Британия ва Германия Киевдан ходимларини эвакуация қилиш қарорини айтган. Кеча, 25 январь куни кечқурун Украинадан дипломатларининг оилаларини эвакуация қилиш қарори Канада Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган. 

Назарбоевнинг “қўли” янада қисқарадиган бўлди

Қозоғистон парламенти Сенати республиканинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик Кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига (ҚХА) умрбод раислигини бекор қилишни кўзда тутувчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда "Orda" хабар берди.

“Сенаторлар Хавфсизлик Кенгаши ва ҚХАга лавозими бўйича давлат раҳбари бошчилик қилиши кераклиги ҳақидаги қонун ҳужжатларига  киритиладиган ўзгартиришларни қўллаб-қувватладилар. Шу билан бирга, сенаторлар қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида яна бир тузатиш киритдилар. “Биринчи Президент тўғрисида”ги қонунда ташқи ва ички асосий йўналишлар бўйича ташаббуслар Элбоши билан келишилиши ҳақидаги банд чиқариб ташланяпти. Шундай қилиб, Сенат қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларни концептуал жиҳатдан маъқуллади ва ушбу ўзгартириш билан Мажлисга қайтаришга қарор қилди”, деган депутат Лаззат Сулаймон.

АҚШ Россиянинг мислсиз талабларига жавоб берди 

АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан Россия Ташқи ишлар вазирлигига Вашингтондан Россиянинг хавфсизлик таклифларига ёзма жавобини олиб келди. Бу ҳақда Россия ТИВ сайтида хабар берилди.  

“Учрашув давомида Америка дипломатик миссияси раҳбари АҚШ маъмуриятининг аввалроқ Россия томонидан тақдим этилган хавфсизлик кафолатлари бўйича икки томонлама шартнома лойиҳасига ёзма жавобини топширди”, дейилади хабарда. 

Қирғизистон Марказий Осиё энергетик ҳалқасидан чиқди

Қирғизистон электр тизимидаги йирик нозослик сабаб Марказий Осиёнинг ягона энергетик ҳалқасидан чиқди. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазири Матбуот котиби Жийде Зоотбекова маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонда электр энергиясини босқичма-босқич тиклаш бошланган. Айни вақтда мамлакатнинг 50 фоиз ҳудуди электр энергияси билан таъминланган. Қолган қисмини улаш ишлари давом этмоқда.

Биринчи Президентнинг узоқ йиллик ҳамкори давлатга хиёнатда айбланиб, қамоққа олинди

Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори, мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов ва унинг ўринбосари Ануар Садиқулов қамоққа олинди. Учинчи гумонланувчига нисбатан эҳтиёт чораси танланмоқда. Бу ҳақда МХҚга таяниб хабар берилган.  

“Масимов К.К. ва Садиқулов А.Т.га қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси тайинланди. Ергожин Д.Е.га эҳтиёт чорасини танлаш масаласи кўриб чиқилмоқда”, дейилади хабарда. 

Алишер Усмонов олтин бозорига кириб келяпти

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов холдинги ва ҳамкорлари USM Gold компаниясига асос солди. Мутахассислар олтин бозорида янги йирик ўйинчи пайдо бўлишини истисно қилмаяпти. Бу ҳақда РБК маълум қилди.

USERLE (Юридик шахсларнинг ягона давлат реестри) маълумотларига кўра, Алишер Усмонов ва Владимир Скочга (депутат Андрей Скочнинг отаси) тегишли USM холдинг USM Gold’ни 2021 йил ноябрь ойи охирида рўйхатдан ўтказган.

Ҳаммаси Путиннинг иши – Байден

Тобора таранглашиб бораётган Россия-Украина чегарасидаги вазият ортидан АҚШ Президенти Жозеф Байден ўз фикрларини билдирди. У ҳозир ҳолат мутлақо ноаниқлигини тан олиб Россия Укаринага ҳужумни бошлайдиган бўлса АҚШ ва Ғарб барча заруруий чораларни кўриб қўйгани ҳақида маълум қилган.

АҚШ Президенти Байденга кўра, Россия-Украина борасидаги вазият фақат бир шахс, Валадимир Путиннинг сиёсий иродасига боғлиқ тарзда жиддийлашиб бормоқда. У Россия раҳбарига қарши жиддий санкциялар қўллашни таклиф қилган. 

Байден Путиннинг ноаниқ ҳаракатлари АҚШ ва бошқа Ғарб раҳбарларини чалкаштириб юборган жумбоқ бўлиб қолаётганини айтган.

Спорт

Шаҳрам Ғиёсов фаолиятини якунлаган Эргашевни рингга чорлади

Профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифаси жангчиси, ўзбекистонлик Шаҳрам Ғиёсов (12-0) Instagram саҳифасида бир неча кун аввал фаолиятини якунлаган Шоҳжаҳон Эргашевга (21-0) мурожаат қилди.

“Сен билан тугалланмаган жангимиз бор эди, ўртоқ, лекин спорт фаолиятинги якунлабсан… Сенга омад тилайман. Агар қайтиш ниятинг бўлиб қолса, мен кутаман”, дейди Ғиёсов.

Ўз навбатида Шоҳжажон Эргашев ҳам бунга муносабат билдирди: 

“Мен ҳам сени учратганимдан хурсандман. Сенинг спортдаги фаолиятингни ҳурмат қиламан. Сен жуда кучли боксчисан. Албатта, мен ҳам сен билан жанг қилишни хоҳлар эдим, афсуски, боксни ташладим. Лекин отам билан гаплашишим керак, агар менга рухсат берса, албатта, жанг қилишга тайёрман. Аммо тайёргарлигинг юқори бўлсин. Мен ҳам сен билан ҳисобни ёпиб, боксни тамомлашни истар эдим”.

Бокс ва UFC чемпионлари битта жангда қанча пул топади?

Жорий йилнинг 23 январь куни ўтказиган UFC 270 турнири жангчиларига тўланган умумий гонорар WВC йўналиши бўйича оғир вазн тоифаси чемпиони Тайсон Фьюри ва унинг рақиби Деонтей Уайлдернинг учинчи жанг учун олган даромадларидан 25 баравар камроқ бўлган.

“UFC 270 да қатнашган барча жангчилар учун умумий тўлов 1,8 миллион долларни ташкил этди. Фьюри Деонтей Уайлдер билан учинчи жанги учун 30 миллион доллар ишлаб олди. Уайлдер эса 20 миллион. Фьюри ва Уайлдер UFC 270 нинг барча жангчилари даромадидан 25 баравар кўп ишлаб олишди. Шундан сўнг, промоушен жангчиларининг маошлари муаммо эмаслигини тушунтириб беринг”, дея ёзган “Combat Sport” журналисти Андреас Хейл.

Маҳмуд Муродовнинг жанги бекор қилинди

UFC ўрта вазн тоифаси жангчиси Маҳмуд Муродовнинг жорий йил 26 февраль куни Латвия вакили Миша Циркуновга қарши жанги бекор қилинди. Бу ҳақда Муродовнинг ўзи Instagram саҳифаси орқали хабар берди.

Қайд этилишича, Муродов машғулотлар вақтида қўлидан олган жароҳати сабабли тўқнашув бекор бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

94

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг