Ҳакими зўрлаш айблови бўйича судланади
Спорт
−
19 Июнь 3665 2 дақиқа
Франциянинг “Пари Сен-Жермен” клуби ва Марокаш миллий терма жамоаси ҳимоячиси Ашраф Ҳакими зўрлаш айблови бўйича жиноий судда жавоб беради. Бу ҳақда Франция ОАВлари хабар берди.
Қайд этилишича, Версаль апелляция суди футболчининг ишни жиноий судга ўтказиш ҳақидаги қарор устидан берган шикоятини рад этган. Бу эса ишнинг судда кўриб чиқилишига йўл очган. 27 ёшли Ҳакими мазкур қарорга муносабат билдириб, ўз нуқтаи назарини баён қилиш имкониятини кутаётганини маълум қилган.
“Бугун менинг ҳаётим, оилам ва энг муҳими ҳақиқат ҳисобидан менга тегишли бўлмаган ёлғон тарқатилмоқда. Баъзан ўзимни осон нишонга айлангандек ҳис қиламан”, деб ёзган футболчи X ижтимоий тармоғида.
Унинг билдиришича, у биринчи кунданоқ суд жараёни бошланишини кутиб келган.
“Мен бу судни биринчи кундан бери кутяпман. Ниҳоят, ўз фикримни очиқ айта оламан”, деган Ҳакими.
Ҳозирча суд муҳокамаси қачон бошланиши маълум қилинмаган. Версаль апелляция суди, футболчининг адвокати, ПСЖ клуби ҳамда Марокаш футбол федерацияси бу масала бўйича изоҳ бермаган.
Маълумот учун, Франциянинг Нантер прокуратураси 2023 йилда Ашраф Ҳакимига қарши зўрлаш ҳақидаги даъво ортидан тергов бошлаган эди. Франциянинг “Le Parisien нашри” ўша пайтда футболчи томонидан 24 ёшли аёл зўрланганини иддао қилганди.
Айни пайтда Ҳакимига нисбатан айбловлар суд томонидан тасдиқлангани йўқ ва у қонун нуқтаи назаридан айбсизлик презумпцияси ҳуқуқидан фойдаланиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Реал Мадрид” ҳужумчиси Килиан Мбаппе собиқ жамоадоши, ПСЖ ҳимоячиси Ашраф Ҳакимига нисбатан 2023 йилда қўзғатилган жиноят иши бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилинганди.
Live
Барчаси