Ҳафтар Ливияда ҳокимият армия қўлига ўтганини эълон қилди

Олам 4273
image

Кеча, 7 апрель куни Ливия миллий армияси (ЛМА) қўмондони Халифа Ҳафтар мамлакатда бошқарув армия қўлига ўтганини эълон қилди. Қўмондоннинг телемурожаатини ЛМА медиа-офиси тарқатди.

23 апрель куни Халифа Ҳафтар мамлакат фуқароларини 2015 йилда Схират шаҳрида тузилган сиёсий келишувни рад қилишга чақирди. Келишув натижасида Ливияда Миллий бирдамлик ҳукумати (МБҲ) тузилган.

“Ливияликлар, сиёсий келишувни тўхтатиш тўғрисидаги, шунингдек, бу босқичда кимни кўпроқ бошқарувга лойиқ деб ҳисоблашингиз ҳақидаги чақирувимизга жавоб беринг”, деган Ҳафтар ва ливияликлар бу тарихий вазифага бош қўмондонликни лойиқ кўришганини қўшимча қилган.

МБҲ 2015 йилда Марокашнинг Схират шаҳрида Ливиядаги курашувчи томонлар ўртасида ўтказилган музокаралар якунида имзоланган Схират келишуви натижасида тузилганди. Ҳужжат мамлакатдаги можарони сиёсий йўллар билан ҳал қилиш учун асос бўлиши керак эди. Аммо ташқи кафиллар (Тунис, Италия, Жазоир) ва БМТ махсус вакилининг уринишларига қарамай ундаги қарорлар ҳаётга татбиқ этилмай қолди.

Ливия шарқидаги парламент раҳбари Оқила Солиҳ Иса ал-Убайди мамлакатда сиёсий барқарорлик ўрнатиш бўйича янги ташаббусни илгари сурди. Солиҳ бир неча банддан иборат ва Президент кенгашини тузишни кўзда тутувчи йўл харитасини таклиф қилди.

Маълумот учун, 2011 йилда Муаммар Қаззофи ўлдирилганидан кейин Ливия ягона давлат бўлмай қолди. Ҳозир ҳам мамлакатда қўшҳокимиятчилик мавжуд. Шарқда парламент бошқаруви, пойтахт Триполида БМТ ва Европа Иттифоқи кўмагида шакллантирилган Фази Саррож бошчилигидаги Миллий бирдамлик ҳукумати бошқарувни амалга оширади.

Мамлакат шарқидаги ҳокимият вакиллари Триполидан мустақил фаолият олиб боради ва Халифа Ҳафтар билан ҳамкорлик қилади. Халифа Ҳафтар 2019 йил апрель ойидан бери Триполини эгаллашга ҳаракат қиляпти.

Бугунгача Ливияда уруш ҳаракатини тўхтатиш учун ҳаракат қилинди. Хусусан, Россия ва Туркия Саррож ва Ҳафтарни музокаралар столига олиб келди. Бироқ ЛМА қўмондони якуний битимни имзолашдан бош тортди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 110
Рейтинг: 3
t
×