Тўқаев Путинни ёнида ДХР ва ЛХРни тан олмаслигини баралла айтди

Олам

image

Донецк ва Луганск Халқ Республикалари квази-давлат, яъни ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ҳудудлардир. Қозоғистон уларнинг мустақиллигини тан олмайди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 17 июнь куни бўлиб ўтган Россия Президенти Владимир Путин иштирокидаги Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида маълум қилди. 

“Агар миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ер юзида амалда ишласа, ҳозир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таркибига кирувчи 193 та давлат ўрнига 500 ёки 600 тадан кўп давлат пайдо бўлади. Албатта, бу хаосни юзага келтиради. Шу сабабли ҳам биз на Тайванни, на Косовони, на Жанубий Осетияни, на Абхазияни тан олмамиз. Шу билан бирга, бу принцип Луганск ва Донецк каби квази-давлат ҳудудларга ҳам тааллуқли”, дея таъкидлади Тўқаев тегишли саволга жавоб берар экан.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда очиқ жамият шаклланган, унда Россиянинг Украинадаги “махсус операцияси” ҳақида турли фикрлар билдирилмоқда. Тўқаевга кўра, дунёда икки тамойил – давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ўртасида қарама-қаршилик мавжуд.

“Мен халқаро ҳамкорлик тарафдориман. Ўз-ўзига ишониш сиёсатини олиб бориш мумкин эмас. Импорт ўрнини босувчи сиёсат йўқ. Хитойнинг муваффақияти нимада? Прагматизмда”, деди Тўқаев асосий муҳокама мавзуси бўйича лўнда қилиб. 

Шунингдек, Қозоғистон етакчиси мамлакат Россияга қарши киритилган Ғарб санкцияларини ҳисобга олишини, лекин Россия билан келишувларни бузмаслигини айтди.

Путин бу баёнотларга изоҳ бермади.

“Биз кимлардир ўйлаб топган қоидалар бўйича эмас, балки халқаро ҳуқуқ доирасида яшашимиз керак”, деди Россия етакчиси. 

Унинг сўзларига кўра, Украинадаги махсус ҳарбий операциянинг ҳуқуқий томони халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос келади. Ҳар қандай ҳудуд давлатдан ажратилганда марказий органлардан рухсат сўрашнинг ҳожати йўқ.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

90

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг