Трамп ва Путин билан ҳеч қандай шартларсиз учрашишга тайёрман – Зеленский
Олам
−
17 Сентябрь 5877 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ва Дональд Трамп билан ҳеч қандай шартларсиз учрашишга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда у “Sky News” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
“Мен ҳеч қандай шартларсиз ҳам икки томонлама, ҳам уч томонлама форматларда қатнашишга тайёр эканимни тасдиқладим. Президент Трамп ва Путин билан учрашишга тайёрман”, деди у.
Украина раҳбари Москвага боришга тайёрлиги ҳақидаги саволга салбий жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, у Украинага ҳужум қилаётган мамлакат пойтахтига бормоқчи эмас. Зеленскийнинг айтишича, Москва айнан у ерга боришга рози бўлмагани учун таклиф қилинган.
“Аммо биз бошқа исталган давлатда учрашишимиз мумкин. Столда кўплаб таклифлар бор, уларнинг баъзиларига америкаликлар, европаликлар ва албатта мен ҳам қўшиламан. Менимча, бу савол ҳозирча жавоб бермаган Россияга қаратилиши керак”, деди Зеленский.
Аввалроқ Владимир Путин Зеленский билан Москвада музокара ўтказишни таклиф қилган эди. Украина Президентининг қайд этишича, Путин Украина делегацияси у ерга бормаслигини билгани учун бу шаҳарни таклиф қиляпти.
12 сентябрь куни Дональд Трамп Россия Президентининг можарога барҳам беришга тайёрлигини шубҳа остига олди. Унинг огоҳлантиришича, агар Украина можаросини ҳал қилишда олдинга силжиш бўлмаса, Қўшма Штатлар Россия иқтисодиётига “санкция зарбаси”ни беради. Янги чора-тадбирлар пакети банкларга, нефть секторига ва учинчи давлатлар билан савдога босим ўтказишни ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп келаси ҳафта Нью-Йоркда Украина етакчиси Владимир Зеленский билан учрашиши мумкин.