“Қизил майдонга ўзбекча ёзилса, кейин ўйлаб кўришимиз мумкин”. Депутат Тожиев Лавровга жавоб қайтарди

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистонга келган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқанд шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш чоғида у ерда ёзилган гаплар рус тилида ҳам келтирилмаганини айтиб, норози бўлганди. Бу ҳолатга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев муносабат билдирди

Депутат ўзбек халқи тилни мажбурият эмас, имконият деб танлашини, хориж тилини сунъий тарғиб қилиш муҳаббат эмас, қарши муносабат уйғотишини айтган. Қолаверса, Тожиев ҳурмат талаб қилинмаслиги, у сингишини урғулаган.

“P.S. Москва Бош майдонига ўзбекча ҳам ёзилса, кейин ўйлаб кўришимиз мумкин”, дея қўшиб қўйган депутат ҳар йили 9 майда парад ўтказиладиган Москвадаги Қизил майдонга ишора қилиб.

Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров кеча, 22 апрель куни Ўзбекистонга келди. Сергей Лавровни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кутиб олди. Бугун, 23 апрель куни у Самарқанд шаҳридаги “Мотамсаро она“ ҳайкали пойига гул қўйиш чоғида у ерда ёзилган гаплар рус тилида ҳам келтирилмаганини айтиб, норози бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров мазкур ҳолатга муносабат билдириб, рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўраётганини айтди.

Лавровга қайтадиган бўлсак, у Бахтиёр Саидов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Лавров Ўзбекистон раҳбариятига Россиянинг Украина инқирозини ҳал қилиш учун АҚШ билан алоқалари ҳақида ахборот берганини айтди. Шунингдек, у Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан Россияга бораётган меҳнат мигрантлари рус тили ва Россия қонунларини билиши кераклигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Сергей Лавров Одилжон Тожиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг