Германия мактаб ўқувчиларини уруш шароитига тайёрламоқчи
Олам
−
07 Апрель
1915Германия Ички ишлар вазирлиги халқаро хавфсизлик таҳдидлари ортиб бораётган шароитда мактаб ўқувчиларини фуқаролик мудофааси асосларига ўргатиш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда “Handelsblatt” нашри хабар берди.
“Сўнгги хавфсизлик воқеаларини инобатга олган ҳолда, фуқаролик мудофаасига, жумладан, мактаб таълими доирасида ҳам кўпроқ эътибор қаратиш зарур”, деди вазирлик вакили нашр билан суҳбатда.
Германия Ички ишлар вазирлигини ҳозирда Социал-демократик партия (СДПГ) вакили Нэнси Фезер бошқаради. Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) партиясининг хавфсизлик масалалари бўйича вакили Родерих Кизеветтер мактаб ўқувчиларини, айниқса, жамиятнинг ҳимоясиз қатламини инқирозли ҳолатларда қандай ҳаракат қилишга ўргатиш лозимлигини айтиб, фавқулодда вазиятларда ўзини қандай тутиш бўйича асосий тайёргарлик машғулотларини жорий этишни таклиф этган. Депутатнинг таъкидлашича, бу амалиёт Финляндия мактабларида аллақачон бир неча ўн йиллардан бери нормал ҳол ҳисобланади.
Маълумот учун, 2024 йил март ойида Германия Таълим вазири Беттина Штарк-Ватцингер ҳам Бундесвер (Германия Қуролли кучлари) зобитлари мактабларга бориб ўқувчиларга ўз хизматлари ҳақида ҳикоя қилиб беришлари кераклигини айтган. Унга кўра, мактабларда Россия-Украина уруши ва бу билан боғлиқ глобал ўзгаришларни муҳокама қилиш зарур. Вазирнинг фикрича, бу каби чора-тадбирлар жамиятни инқирозларга нисбатан пухта тайёрлаш ва Германиянинг қаршилик кўрсатиш салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Бавария федерал ери соғлиқни сақлаш вазири Юдит Герлах Германия соғлиқни сақлаш тизими уруш шароитида ҳам ҳарбийлар, ҳам фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатишга тайёр бўлиши кераклигини таъкидлаган эди. Герлахнинг сўзларига кўра, Европа Россиядан келаётган ҳарбий таҳдид билан тобора кўпроқ юзма-юз келмоқда. Шу билан бирга, АҚШнинг хавфсизлик битимидан чиқиши эҳтимоли бундай тайёргарлик заруратини янада оширади.
LiveБарчаси
Тошкентда подстанция ёниб кетди.
11 Апрель
Тренддагилар




