Куч тежаш ниятимиз йўқ – Ислом Исмоилов
Спорт
−
07 Апрель
2236Футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Ислом Исмоилов Хитойга қарши ўйиндан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Хитой биз албатта енгишимиз керак бўлган жамоалардан бири эди. Футболчиларга ортиқча босим тушмаслиги учун сўнгги уч кун давомида улар билан доимий суҳбатлар олиб бордик. Барибир бу Жаҳон чемпионатига йўлланма берадиган турнир бўлгани учун ҳиссиётлар кучли бўлади”, дейди Исмоилов.
Мураббий ўтказиб юборилган гол ва амалга оширилган камбэк ҳақида тўхталди.
“Биринчи бўлимда рақибнинг қарши ҳужуми оқибатида гол ўтказиб юбордик. Танаффусда йигитларга ўйинимиз яхши кетаётганини айтдик ва уларнинг руҳиятини кўтаришга ҳаракат қилдик. Биз Хитой терма жамоасининг 60-дақиқалардан сўнг ўтиш фазаларида муаммоларга дуч келишини олдиндан ўрганган эдик. Кутилганидек, улар чарчай бошлади ва биз айнан шу паллада ўз имкониятимиздан фойдаландик. Кейинги ўйинда ҳам ғалаба учун майдонга тушамиз. Куч тежаш ниятимиз йўқ”, дейди мураббий.
Қайд этиш жоиз, Хитой ўсмирлар терма жамоаси устидан қозонилган ғалаба орқали Исмоилов шогирдлари жорий йил Қатарда ўтказиладиган мундиал йўлланмасини нақд қилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон У-17 терма жамоаси кейинги ўйинини 9 апрель куни мезбон Саудия Арабистонига қарши ўтказади. Учрашув Тоиф шаҳрида, Тошкент вақти билан 22:15 да старт олади.
LiveБарчаси
Тошкентда подстанция ёниб кетди.
11 Апрель
Тренддагилар




