Мирзиёев Британия собиқ бош вазири Тони Блэрни қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 10 апрель куни Буюк Британиянинг собиқ бош вазири, Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блэрни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мулоқот давомида Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли тузилма билан амалий ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

“Тони Блэр Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши ва кўламини юксак баҳолади, уларни янада илгари суриш доирасида зарур эксперт-маслаҳат кўмагини кўрсатишга тайёрлигини билдирди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларига йирик стратегик инвесторларни жалб қилиш, технологик модернизация, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этишни жадаллаштириш, устувор соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳамкорликнинг бошқа асосий йўналишлари сифатида қайд этилган.

Маълумот учун, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр томонидан 2016 йилда ташкил этилган институт халқаро нотижорат ташкилот ҳисобланади. У турли мамлакатларга барқарор ва инновацион ривожланишнинг янги моделларини ишлаб чиқишда, иқлим ўзгариши ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашишда кўмаклашади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 12 ноябрь куни  Баку шаҳрида COP-29 саммити доирасида Шавкат Мирзиёев Тони Блэр билан учрашганди. Ўшанда Ўзбекистон-Британия муносабатларини янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, Тони Блэр раҳбарлик қилаётган Глобал ўзгаришлар институти билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Буюк Британия Тони Блэр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг