Курс UZS

USD

12 968.38

-4.93

EUR

14 343.03

14.01

RUB

152.37

1.18

АҚШ илк бор хорижий давлат фуқароларининг визаларини тўлиқ бекор қилди

Олам

image

АҚШ ҳукумати Жанубий Судан фуқароларининг визаларини бекор қилмоқда. Бу ҳақда бугун, 6 апрелга ўтар кечаси Давлат котиби Марко Рубио маълум қилди.

“Мен Жанубий Судан паспортига эга бўлганларга берилган барча визаларни бекор қилиш ва уларга янги визалар беришни чеклаш бўйича чоралар кўряпман. Бу қарор дарҳол кучга киради, сабаби Жанубий Судан муваққат ҳукумати репатриация қилинган фуқароларни ўз вақтида қабул қила олмади”, деб ёзди амалдор X ижтимоий тармоғида.

Рубионинг Давлат департаменти сайтидаги баёнотида эса Жанубий Судан тўлиқ ҳамкорлик қилганда, бу чоралар қайта кўриб чиқилиши маълум қилинган.

Жанубий суданликлар визаларини бекор қилиш — Дональд Трампнинг янги маъмурияти томонидан муайян мамлакат фуқароларига нисбатан қўлланган илк умумий чеклов чорасидир.

2025 йил март ойида АҚШ ҳукумати Куба, Гаити, Никарагуа ва Венесуэладан 500 минг мигрантни чиқаришга тайёрланаётганини эълон қилган эди. Аммо бу, мамлакатга муайян дастурлар орқали кирганларга тааллуқли эди.

Жо Байден маъмурияти Жанубий Судан фуқароларига вақтинчалик ҳимоя мақомини (TPS — Temporary Protected Status) 2025 йил 3 майгача берган эди. 2023 йил сентябрь ойида АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигига кўра, 133 жанубий суданлик ушбу мақомга, яна 140 киши унга даъвогарлик қилиш ҳуқуқига эга эди.

Жанубий Судан 2011 йилда Судандан ажралиб чиққан ва мустақил республикага айланган. Ажралишга сабаб — дин (шимолда — ислом, жанубда — насронийлик) ва ирқий зиддиятлар (шимолда — араблар, жанубда — африкаликлар устунлиги) бўлган. 2013 йилда Жанубий Суданда фуқаролик уруши бошланган, у очарчилик ва эпидемиялар билан ҳамроҳ бўлган. Бугунги кунда Жанубий Судан дунёдаги энг камбағал мамлакатлардан бири ҳисобланади. Минглаб жанубий суданликлар қочқинга айланган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио АҚШ визасига даъвогар айрим шахсларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини текширишни ва агар улар АҚШ ёки Исроилни танқид қилган бўлса, мамлакатга киришини тақиқлаш чораларини кўришни буюрганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ виза Дональд Трамп Жанубий Судан Жо Байден Марко Рубио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг