Курс UZS

USD

12 968.38

-4.93

EUR

14 343.03

14.01

RUB

152.37

1.18

Leapmotor’га тақиқ, Мирзиёев ёзган дастурхон, артистлар учун солиқ, АҚШдан блок – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Leapmotor автомобилларини импорт қилиш тақиқланди

Тугаётган ҳафтада ўзбекистонликларни жунбишга келтирган хабар яна автомобиллар билан боғлиқ бўлди. Ўзбекистонга Хитойнинг Leapmotor автомобилларини импорт қилиш тақиқланди. Ижтимоий тармоқларда катта муҳокамалар ва эътирозларга сабаб бўлган ушбу хабар ортидан Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, яқинда лабораторияда Хитойнинг Leapmotor компаниясига тегишли C16 русумли автомобили синовдан ўтказилган.

“Натижалар шуни кўрсатдики, ушбу автомобиль халқаро стандартларга, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. (белгиланган меъёрдан 16 баравар кўп)”.

Билдирилишича, Leapmotor’да устуворлик ва ташқи электромагнит нурланишга бардошлилик (кенг полосали электромагнит шовқинлар) талабларига номувофиқлик ҳолати аниқланган.

Ушбу тақиқдан кейин электромобиллар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар ижтимоий тармоқлар орқали Президентга мурожаат йўллади. Эркин бозор тарафдори эканини айтган тадбиркорлар давлат раҳбаридан чекловларни олиб ташлаш ва очиқ бозорни қўллаб-қувватлашни сўраган.

Эътирозлар ортидан тадбиркорларнинг мурожаати қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги Бизнес-омбудсман девони томонидан ўрганилаётгани, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакиллари билан мазкур масалани ижобий ҳал этиш йўллари муҳокама қилингани айтилди.

Агентлик эса айтганларидан қайтиб, Хитойнинг Leapmotor автомобиллари Ўзбекистонда ушбу компания мутахассислари иштирокида қайта синовдан ўтказилиши ҳақида баёнот берди. Билдирилишича, Leapmotor корхонасига нисбатан қўйилган чеклов бўйича музокаралар давом этмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон 2024 йилда хориждан қиймати 224,8 млн АҚШ долларига тенг бўлган 24 095 та электромобиль импорт қилган. Уларнинг 23 982 таси айнан Хитойдан ва харидорлар орасида Leapmotor устуворлик қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 январдаги “Электродвигателига эга бўлган транспорт воситалари аккумулятор батареяларини утилизация қилиш инфратузилмасини ташкил этиш ишларини молиялаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан 2025 йил 1 майдан бошлаб импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғими транспорт воситаси ишлаб чиқарилган йилига қараб 45 млн сўмдан 78,5 млн сўмгача оширилмоқда.

Бундан аввал “BYD Uzbekistan Factory” компанияси Ўзбекистон ҳукуматига электромобилларнинг маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга бўлмагани важи билан тартибсиз импортни чеклаш бўйича мурожаат қилганди. Жиззах шаҳрида фаолият олиб борадиган “BYD Uzbekistan Factory” МЧЖ 2023 йилнинг 23 январида ташкил этилган. Монополь мақомини бошқаларга бермай келадиган “Ўзавтосаноат” АЖ эса “BYD Uzbekistan Factory” МЧЖнинг 60 фоизлик улушдори ҳисобланади.

Биргина 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида “UzAuto Motors” – 317 млрд сўмлик, “BYD Uzbekistan Factory” 274 млрд сўмлик божхона имтиёзларини олган.

Энди бойлар бой бўлгани учун алоҳида солиқ тўлайди

Ўзбекистонда энди бойлар бой бўлгани учун алоҳида солиқ тўлайди. Буни унча-бунча одам эмас, нақ Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев тугаётган ҳафтада АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида айтиб чиқди.

Унинг қайд этишича, қарийб 38 миллион аҳолига эга Ўзбекистоннинг 18 миллион фуқароси даромадга эга ва солиқ тўлаши керак.

“Уларни сегментлаш орқали энг юқори даромадга эга бўлган жисмоний шахслар учун солиқларни тўлаш ва ундириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиққанмиз. Уларнинг тўлиқ базаси яратилиб, бу орқали биронта жисмоний шахс ўз даромадини солиқдан қочиш мақсадида камайтириш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайдиган тизим бўлади”, деган Мубин Мирзаев.

Режалаштирилган тизим нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда олинган даромадларни ҳам солиққа тортишни назарда тутади. Норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 4 миллиони хорижий мамлакатларда меҳнат қилмоқда. Халқаро экспертларнинг таҳлилларига кўра, ҳақиқий рақамлар бундан анча кўп бўлиши мумкин. Ўзбекистон эса хорижда фаолият юритаётган фуқароларни ҳам солиққа тортмоқчи.

“Агар Ўзбекистон резиденти чет элда даромад олса, мамлакатда солиқ тўлаши керак бўлади. Норезидентлар билан боғлиқ ҳолатда Солиқ қўмитаси икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш учун чет элда солиқ тўлашни ҳисобга олади”, деган Мирзаев.

Эсингиздами? 2021 йил ўтказилган Президент сайлови олдидан “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Қодиров хорижда ишлаётган ўзбекистонликларни солиққа тортишни таклиф қилганди. Ўшанда ҳамма уни қоралаб, ҳатто, устидан кулганди ва сайловдаги муваффақиятсизлигига айнан ўша гаплари сабаб бўлганди.

Алишер Қодировнинг катта резонансга сабаб бўлган гаплари, керак бўлса, ўша вақтдаги сайлов сиёсий муҳитига яхшигина таъсир ўтказиб, амалдаги президент ва номзод Шавкат Мирзиёевнинг ҳам бу мавзуда сўз очишига ва бу тарздаги солиқ амалиёти жорий қилинмаслиги, аксинча, хориждаги фуқароларнинг ватанга қайтиши, солиқлар камайтирилиши ҳақида ваъда беришига сабаб бўлганди.

Матбуот анжуманида Солиқ қўмитаси раиси Мубин Мирзаев анчадан буён кутилаётган янгиликни айтди ва бу билан санъаткорларнинг, қўшиқчиларнинг, оёғи ердан узилган артистларимизнинг шўрига шўрва тўкиладиган бўлди. Гап шундаки, 2027 йилдан бошлаб санъаткорлардан даромад солиғи мажбурий тарзда ундирилади. Бугунгача нақд пулда, миллионлаб даромад топаётган ва бу ҳақда ҳеч кимга ҳисоб бермай келаётган санъаткорларнинг солиққа тортилмаслиги мамлакатда икки томонлама стандартлар, танланганларга бериладиган адолатсиз имтиёзларнинг чўққиси сифатида қабул қилиб келинар эди.

Мубин Мирзаевга кўра, амалдаги тартиб бўйича санъаткорлар декларация тўлдириши, даромадларини кўрсатиши керак ва шу асосда солиққа тортилиши зарур. Лекин бу амалиёт ишламайди.

“Энди тан олишимиз керак, ҳақиқатдан жуда кўпчилик санъаткорларимиз бунга риоя қилмаяпти. Ўз даромадларини тўлиқ декларация қилмаяпти ва шу даромадлардан солиқлар ундирилмаяпти. Ҳозир хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш доирасида қарор лойиҳасини тайёрлаяпмиз”, дейди Мубин Мирзаев.

Мирзаевга кўра, 2025 ва 2026 йилларда даромадлар декларациясини топшириш бўйича имконият берилади ва бу даврда санъаткорлар жазоланмайди. 2027 йил 1 январдан бошлаб эса агар санъаткорлар ўз даромадларини тўлиқ кўрсатмаса ёки солиқлардан қочиш бўлса, уларга нисбатан солиқ назорати текширувлари ўтказилиб, солиқ ҳисоблаб, ундирилади.

“2027 йил 1 январдан бошлаб бирорта санъаткор, жисмоний шахслар ўзларининг даромадларини декларация қилмаслигини ёки солиқдан қочишининг имкони бўлмайди”, дейди Мирзаев.

Менинг эса Мирзаевга бошқа маслаҳатим бор. Ижтимоий тармоқлар асос! Деярли барча санъаткорлар кунига нечта тўйга бораётганига, қайси қимматбаҳо жаҳон брендини кияётгани, қайси тақинчоқни неча пулга сотиб олаётгани, қимматбаҳо машина, ҳовли-жой, вилла ва дачаларини мақтаниш билан банд. Уларнинг нархини айтиб, одамларнинг нафсонияти билан ўйнашишдан ҳам тап тортмаяпти. Агар ўзи декларация қилмаса, демак, тахминий декларация тизими бўлиши керак. Қолаверса, нафақат санъаткорлар, балки блогерлар, хуллас, ижтимоий тармоқда реклама фаолияти билан шуғулланиб, даромад топаётганлар ҳам солиққа тортилиши керак.

Лекин масаланинг бошқа томони бор.

“Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш лицензияланадиган фаолият турларига киради, яъни қўшиқчилар, чолғучилар, қўшиқ айтиш ва мусиқа чалиш, тўй ва концертларда хизмат кўрсатиш учун “Ўзбекконцерт”дан лицензия олишга мажбур. Агар хатти-ҳаракати ўзгариб, босар-тусарини билмай қолса, “Ўзбекконцерт” уларнинг лицензиясини бекор қилиши билан боғлиқ амалиёт кўп кузатилган. Агар Солиқ қўмитаси янги тартибни амалга оширса, шунда санъаткорлар лицензия олмайди ва “Ўзбекконцерт”га ҳисоб бермайдими? Санъаткорларга норасмий куратор сифатида кўриб келинадиган, уларга тарбиячидек қараладиган бу ташкилотнинг лицензия бериш ҳуқуқи олиб қўйилса, у қайси йўл билан қўлида хивчинини тутиб тураркан?!

Биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтди 

Самарқанд тарихий тадбирга мезбонлик қилди. Шаҳарда биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтди. Унинг давомида ўта муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи орасидаги муносабатлар стратегик даражага кўтарилди.

Саммитда Марказий Осиё давлатлари Президентлари Қосим-Жомарт Тўқаев, Садир Жапаров, Имомали Раҳмон, Сердар Бердимуҳамедов, Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен иштирок этди.

Саммит давомида муҳим таклифлар муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокараларни қўллаб-қувватлашини билдирди ва жаҳон ҳамжамияти Афғонистон ҳудудидан келиб чиқадиган барча таҳдидларни етарлича баҳолай олмаётганини айтди.

Антониу Кошта нутқида ЕИнинг Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва Марказий Осиё мамлакатлари билан биргаликда глобал барқарорликка ҳисса қўшиш истагини билдирди.

Урсула фон дер Ляйен эса Европа ва Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон билан “янги стратегик шериклик даври” бошланганини эълон қилди. У Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлиги учун тўрт устувор йўналишни белгилаб берди. Бу – транспорт коридорлари, критик хомашё, “яшил” энергетика, глобал рақамли инфратузилма.

Саммит якунида қўшма декларация қабул қилинди. Ҳужжатда қайд этилишича, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи раҳбарлари ўзгариб бораётган глобал ва минтақавий геосиёсий шароитда ҳамкорликни чуқурлаштиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган ҳолда, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга қарор қилган.

Шунингдек, етакчилар тинчлик, хавфсизлик ва демократия йўлида ҳамкорлик қилишга содиқлигини билдирган. Барча давлатларнинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасида мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳурмат кўрсатишни, БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига тўлиқ риоя қилишни тасдиқлаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойилларига мувофиқ, Украинада имкон қадар тезроқ адолатли, барқарор ва кенг қамровли тинчликка эришиш муҳимлиги таъкидланган. Иштирокчи давлатлар томонидан ЕХҲТ тамойилларига риоя қилиниши лозимлиги урғуланган.

“Барча давлатлар ўзаро муносабатларда куч ишлатиш ёки куч билан таҳдид солишдан тийилиши, халқаро гуманитар ҳуқуққа амал қилиши ва можароларни тинч йўл билан ҳал қилиши кераклигини яна бир бор тасдиқладик”, дейилади ҳужжатда.

Саммит иштирокчилари худди шу контекстда, юқоридаги тамойилларга, хусусан барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбуриятини олган.

Шунингдек, саммит иштирокчилари Афғонистоннинг хавфсиз, барқарор ва фаровон давлатга айланиши, барча фуқаролар, шу жумладан, аёллар, қизлар, этник ва диний гуруҳларга мансуб шахслар ҳамда озчилик вакилларининг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурмат қиладиган инклюзив ҳукумат ва бошқарув тизимларига эга бўлишни қатъий қўллаб-қувватлашга содиқлигини яна бир бор таъкидлаган. Афғонистон ўз ички сиёсатида ҳам, қўшни давлатлар билан муносабатларида ҳам тинчлик тарафдори бўлиши ва халқаро мажбуриятларини бажариши муҳимлиги айтилган.

Санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш бўйича ҳамкорлик алоқаларнинг муҳим жиҳати сифатида қолмоқда. Яъни Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларидан муносабатларда ҳалол бўлишни, Россияга санкцияларни четлаб ўтиб, импорт ёки экспорт қилишда ёрдам бермасликни сўрамоқда ва талаб қилмоқда. Имзоланган ҳужжат билан ушбу доирада, айниқса, юқори устуворликка эга бўлган маҳсулотларнинг ре-экспортини олдини олиш борасида Европа Иттифоқининг Санкциялар бўйича Махсус вакили билан ҳамкорликда ишлашни давом эттиришга келишиб олинган.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё етакчилари қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни илгари суриш ҳамда ҳимоя қилиш икки томонлама муносабатларнинг умумий ва асосий қадриятларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлади. Фикр билдириш ва уюшмалар тузиш эркинлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти ва мустақил ОАВ учун қулай муҳит яратиш, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ҳимоя қилиш, аёллар, болалар ва меҳнат ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатиш ЕИ-Марказий Осиё муносабатларининг марказида туриши кераклиги айтилган. Бироқ куни кеча Демократия рейтингида паст натижаларни олган Марказий Осиё давлатлари бу келишув талабларини бажара оладими ё йўқ, жавобсиз масала. Европа Иттифоқи бу йўналишдаги ҳаракатларни ҳам минтақавий, ҳам миллий даражада қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирмоқда.

Саммитдан сўнг етакчилар Самарқанд халқаро иқлим форумида ҳам иштирок этди.

Саммит ва форум якунлангач, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен матбуот анжумани ўтказди. Ляйенга Марказий Осиё Хитой ва Россиядан фарқли Европага нима учун ишониши кераклиги билан боғлиқ савол берилди.

“Россия узоқ вақтдан бери ишончли ҳамкор бўла олмаслигини кўрсатмоқда. Айтиш мумкинки, Европа Иттифоқи олдиндан ишончли ва барқарор ҳамкорлик учун эканини исботлаган. Европа Иттифоқи лойиҳаларига назар ташлайдиган бўлсак, биз учун ҳамкорларимиз ҳам улардан фойда олиши муҳим. Юқорида айтиб ўтилган мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Европа Иттифоқи, масалан, муҳим хомашё ҳақида гап кетганда, бутунлай бошқача шерикдир.

Ўтмишда Хитой ва Россия кўпинча хомашё қазиб олиб, ўз мамлакатларига олиб кетиб, у ерда қайта ишлаган. Қўшимча қиймат бошқа мамлакатда қўшилган. Шундай қилиб, қазиб олинган мамлакатда қўшимча қиймат қолмаган”.

Саммит ва форум якунида Президент Шавкат Мирзиёев тўнғич қизи Саида Мирзиёевани Урсула фон дер Ляйен билан таништирди.

“Форум доирасида Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен билан шахсан танишганимдан мамнунман. Урсула фон дер Ляйен хонимнинг етакчилиги ва иқлим кун тартибини илгари суришдаги изчиллиги илҳом бағишлайди ҳамда самарали халқаро ҳамкорликка бўлган ишончни мустаҳкамлайди”, дейди Саида Мирзиёев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Раввинни қасддан ўлдиришда айбланган 3 ўзбекистонлик ўлим жазосига ҳукм қилинди

Ўзбекистонликларнинг БААга, хусусан, Дубайга киришида қатор муаммоларнинг келиб чиқишига, уларнинг аэропортларда қолиб кетишига сабаб бўлган воқеани эслайсизми? Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг ноябрь ойи охирларида Исроил ва Молдова давлатлари фуқароси, Чабад-Лубавич ҳаракати аъзоси, бутун дунё бўйлаб яҳудийларнинг тарғиботини олиб борувчи раввин Цви Коганнинг жасади Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудидан топилди. Унинг қасддан ўлдирилишида 3 ўзбекистонлик айбланиб, кўп ўтмай, БАА ҳудудида ҳибсга олинганди.

Хуллас, тугаётган ҳафтада ўша уч ўзбекистонлик – 28 ёшли Олим Тоҳирович, Маҳмуд Абдулраҳим ҳамда 33 ёшли Азизбек Комилович Абу-Даби федерал апелляция суди Давлат хавфсизлик палатаси томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинди.

БААда қабул қилинган суд ҳукми ҳақида биринчилардан бўлиб Исроил матбуоти бонг урди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг БААдаги дипломатик ваколатхоналари тармоқда тарқалиб, ўзбек матбуотигача кириб борган бу хабарларни гўё тасдиқлагандек, муносабат билдирмади.

Ҳолбуки, Ташқи ишлар вазирлиги раввин ўлдириб кетилгач, бу ишда ўзбекистонликлар айбланаётган пайтида, Ўзбекистоннинг Дубайдаги бош консулхонаси ва Абу-Дабидаги элчихонаси Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралари билан доимий алоқада бўлиб, мазкур масала юзасидан ойдинлик киритиш мақсадида тегишли ишлар олиб бораётгани, тафсилотлар юзасидан қўшимча маълумот берилишини айтиб чиққанди. Ушбу баёнотдан 4 ойдан ортиқ вақт ўтиб, суд ҳукми эълон қилинди ҳамки, ҳеч нарсага аниқлик киритилгани йўқ. Ташқи ишлар вазирлиги ўз саҳифалари орқали бўлмаса-да, QALAMPIR.UZ сўровига жавобан ўзбекистонликларнинг ўлим жазосига ҳукм қилинганини тасдиқлади.

Бош прокурор доктор Ҳамад Саиф Ал Шамси Давлат хавфсизлик прокуратураси томонидан олиб борилган терговлардан сўнг, судланувчилар жабрланувчини кузатиб, ўлдирганини аниқлаган ва 2025 йил январь ойида тўрт нафар айбланувчини тезда судга олиб келишни буюрган. Билдирилишича, Давлат хавфсизлик прокуратураси томонидан судга тақдим этилган далиллар судланувчиларнинг қотиллик ва одам ўғирлаш жиноятларини батафсил тан олишлари, суд-тиббий экспертиза хулосалари, ўлимдан кейинги экспертиза хулосалари, жиноятда қўлланилган асбоблар тафсилотлари ва гувоҳларнинг кўрсатмаларидан иборат.

Суд, шунингдек, қотилларга ёрдам берган шахсни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. У жазони ўтаб бўлгач, мамлакатдан депортация қилинади. Фақат хабарларда унинг шахсига, қайси мамлакат фуқароси эканига аниқлик киритилмаган.

Бирлашган Араб Амирликлари қонунчилигига кўра, ўлим жазоси ҳукмлари автоматик равишда апелляция қилинади ҳамда кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун Федерал Олий суднинг Жиноят ишлари бўлимига юборилади. Бундан кўринадики, ўлим жазоси бўйича ҳукм дарров амалга оширилмайди, у ўзгариши ҳам мумкин.

Масжидда портлаш содир бўлди

31 март куни Андижоннинг Избоскан туманида жойлашган “Аҳмадали ҳожи” жоме масжидида портлаш содир бўлди. Дастлабки расмий маълумотларда уч киши вафот этгани, 10 киши жароҳат олгани айтилди, кейинчалик бу маълумотлар янгиланмади.

Портлаш оқибатида ёнғин содир бўлмаган, таҳоратхона биноси қулаган. Масжидга Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Ботир Қудратхўжаев ва вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов етиб борган.

Ҳодиса ортидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши қабул қилиниб, Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган. Андижон вилояти прокуратураси портлаш ортидан Жиноят кодексининг 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259- (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вилоят прокуратураси ҳодисанинг содир бўлиш сабаблари ҳақида шундай ахборот берган:

“Избоскан туманида жойлашган “Аҳмадали ҳожи” масжидининг таҳоратхона биноси ертўласида иситиш мосламаларига уланган газ қувурларидан сизиб чиққан табиий газ хона ичига тўпланиб қолиши оқибатида электр энергияси ёқилган вақтда чақнаш содир бўлиб, бино қулаб тушган. Тергов ҳаракатлари давомида барча ҳолатлар тўлиқ ўрганилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ФВВнинг 3 нафар қурбон ва 10 нафар жабрланувчи борлиги ҳақидаги маълумотига шубҳа билан қарамоқда. Бундай гумонлар Фарғонадаги газ қуйиш шохобчасида чиққан портлаш ортидан берилган расмий ахборотларга нисбатан ҳам билдирилган эди. Бу воқеа ўтган йилнинг 17 декабрида содир бўлиб, унда 4 киши қурбон бўлгани айтилганди.

Гап Фарғонадаги портлаш хусусида бораркан, жамоатчилик, тармоқ фаоллари Фарғонадаги портлаш Андижондагидан анча даҳшатли бўлгани, шунга қарамай, ҳудудга ҳоким, вазир, Бош вазир ўринбосарлари бормагани, Ҳукумат комиссияси тузилмагани, расмий таъзия билдирилмаганини танқид қилмоқда.

Дарвоқе, портлаш содир бўлган масжидга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳам бориб, воқеа оқибатларини кўздан кечирган, қурбон бўлганларнинг оила аъзолари билан учрашиб, таъзия билдирган, моддий ёрдам кўрсатилган. Мусулмонлар идораси томонидан берилган хабарда моддий ёрдам миқдори айтилмаган, фақат амалдаги қонунчиликка асосан моддий ёрдам пулларини ҳам тўлаш назарда тутилгани эслатилган, холос.

Полковник Агзам Фахриддинович Избосаров вафот этди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган полковник Агзам Фахриддинович Избосаров вафот этди. Бу ҳақда ДХХ маълум қилди. Шуни айтиш ўринлики, ДХХ хабарлари силсиласида бу каби хабарлар деярли учрамайди.

Агзам Избосаров Қуролли кучлар Бош штаби Алоқа бошқармаси бошлиғи лавозимида иш олиб борган. Кейинчалик “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раисининг Электр тармоқларидан фойдаланиш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

Марҳум Агзам Избосаров техника фанлари номзоди (PhD), техника фанлари доктори (DSc) илмий даражаларига эга. У 2005 йилда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқа ходими фахрий унвони ҳамда 2021 йилда “Мардлик” ордени билан тақдирланган эди.

Ўзбекистон демократия индексида 146-ўринга чиқди

Ўзбекистон 2024 йилда “The Economist” журнали таркибидаги Economist Intelligence Unit таҳлилий бўлими томонидан тузилган демократия индексида 0,2 балл йўқотди ва шунга қарамай, умумий рейтингда бошқа давлатлардаги ёмонлашувлар ҳисобига 2 поғона юқорилади, 146-ўринга чиқди.

Марказий Осиёнинг беш давлатидан иккитаси – Туркманистон ва Тожикистонда демократия даражаси жуда паст. Демократия индекси барча минтақа давлатларида пасайган ёки ўзгаришсиз қолган. Туркманистон ҳануз 1,66 индекс билан минтақада охирги ўринда – 161. Бу кўрсаткич 2020 йилдан бери ўзгармаган. Тожикистоннинг индекси эса 2023 йилда 1,94 бўлган бўлса, 2024 йилда 1,83 га тушиб кетган. Бу Президент Имомали Раҳмон сиёсий тизимни тўлиқ назорат қилаётгани боис сиёсий иштирок кўрсаткичларининг ёмонлашуви билан изоҳланган.

Марказий Осиё мамлакатлари ичида Қирғизистон демократия бўйича етакчи бўлиб қолмоқда, гарчи 2024 йилда бу мамлакат ҳам ўз кўрсаткичларини ёмонлаштирган бўлса-да, 2023 йилдаги 3,72 индексдан 3,52 га тушган. Қайд этилишича, бу пасайишга асосий сабаб – сайлов жараёни таназзулга учрагани ва ОАВга босим кучайгани бўлган.

Қозоғистон эса ўз позициясини сақлаган ҳолда 3,08 индексга эга. Жаҳон рейтингида эса у 118-ўринни эгаллаган.

Марказий Осиё ва Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари орасида энг юқори демократия индексига эга давлат – Арманистон бўлди: 5,35 балл ва жаҳон бўйича 82-ўрин, бу эса ушбу давлатга гибрид режимдаги давлатлар тоифасида қолиш имконини бермоқда.

Тадқиқотда қайд этилишича, демократия инқирози фақат алоҳида минтақалар эмас, балки бутун дунёни қамраб олган.

“Демократия кенг кўламда умидсизлик индекс асосида ўтказилган сўровномалар билан тасдиқланади. Ушбу маълумотлар одамларнинг демократия ҳолатидан норозилигига сабаб бўлган омилларни тушунишга ёрдам беради. Маълумки, расмий демократик институтларнинг мавжудлиги ижтимоий қўллаб-қувватловни таъминлаш учун етарли эмас, айниқса бу институтлар таъсир кучини йўқотиб, қарорлар сайланмаган тузилмалар томонидан қабул қилинаётган бўлса”, дея таъкидлайди “Economist Intelligence Unit” мутахассислари.

Маълумот учун, ушбу рейтингда демократияни баҳолаш тизими оддий: энг яхши кўрсаткичга эга давлат 10 балл олади. Энг демократик давлатлар деб Европа мамлакатлари тан олинган. Рейтингда 9,81 индекс билан Норвегия етакчилик қилмоқда.

АҚШ визасига даъвогар шахсларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари текширилади

Демократия деймиз, оғиз кўпиртириб фантазиялар қиламиз-у, лекин ҳеч бир мамлакатда унинг идеал кўринишини топиб бўлмайди, менимча. Ҳатто дунёга демократияни экспорт қилиб, бу билан боғлиқ рейтинглар тузаётган, давлатларга демократик ҳолатига кўра баҳо бериб, керак бўлса, санкциялар қўллаётганларнинг ўзида ҳам бу билан боғлиқ аҳвол танг. Кўпинча инсон ҳуқуқлари, демократия масалаларида айнан ўша мамлакатларда иккилик стандартига учрайсиз, бунинг қурбонига айланасиз.

Бу ҳақда бекорга гап бошлаганим йўқ. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио тугаётган ҳафтада АҚШ визасига даъвогар айрим шахсларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини текширишни ва агар улар АҚШ ёки Исроилни танқид қилган бўлса, мамлакатга киришини тақиқлаш чораларини кўришни буюрди.

Нашрнинг ёзишича, Давлат котиби Марко Рубио хориждаги дипломатларга виза олишга ариза берувчи баъзи талабгорлар, жумладан талабаларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини батафсил ўрганишни буюриб, АҚШ ва Исроилни танқид қилишда гумон қилинаётган шахсларга мамлакатга киришни тақиқлашга йўналтирилган чораларни кўришни топширган.

Махсус текширувга тортиладиган визалар тури сифатида F, M ва J визалари (талабалик ва алмашинув дастури бўйича меҳмон визалари).

Террорчилар билан алоқадор ёки уларга хайрихоҳлик билдиришда гумон қилинган шахслар, 2023 йил 7 октябрдан 2024 йил 31 августгача бўлган даврда талабалик ёки алмашинув визасига эга бўлганлар, визаси 2024 йил октябрдан кейин бекор қилинган шахслар ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари синчковлик билан текшириладиган шахслар сифатида келтирилган.

Бу саналар уруш даврида Фаластин халқига ҳамдардлик билдирган талабалар аризаларини рад этиш мақсадини кўрсатади.

Рубионинг кўрсатмаларида, шунингдек, агар талабнома берувчининг хулқ-атвори ёки ҳаракатлари АҚШ фуқаролари ёки АҚШ маданиятига (жумладан ҳукумат, институтлар ёки асосий тамойилларга) нисбатан душманлик муносабатини намоён этса, унга виза бериш рад этилиши мумкинлиги таъкидланган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник эса жорий ҳафтада АҚШда ноқонуний бўлиб турган ўзбекистонликларни ватанига қайтишга чақирди. Элчихонанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига жойлаштирилган видеода сўнгги бир неча йил ичида кўплаб ўзбекистонликлар Марказий Америка ҳудудидаги хавфли йўллар орқали АҚШга киргани, оқибатда АҚШда ноқонуний бўлиб турган тахминан минглаб ўзбекистонликлар борлиги айтилган.

Элчи бундай шахсларга Ўзбекистонга ўз ихтиёри билан қайтишни маслаҳат берган. Акс ҳолда улар АҚШда қамоққа олиниши ёки депортация қилиниши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев масжид Марказий Осиё – Европа Иттифоқи ўлим жазоси демократия индекси Мубин Мирзаев Самарқанд саммити Leapmotor Агзам Фахриддинович Избосаров бойлар Антониу Кошта ва Урсула фон дер Ляйен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг