Курс UZS

USD

12 937.16

23.97

EUR

13 937.20

28.4

RUB

154.55

0.38

Тожикистонда давлат тўнтариши уюштиришда айбланганлар айбини тан олмади

Олам

image

Жорий йилнинг 22 январь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги тергов изоляторида бўлиб ўтган суд мажлисида “давлат тўнтариши иши”га алоқадор таниқли шахслар ҳукм эълон қилинишидан аввал ўз айбини тан олмаслигини билдирди. Бу ҳақда “Asia Plus” хабар берди.

Маълум қилинишича, айбланувчиларга ҳукм эълон қилинишидан олдин сўнгги сўз берилган. Улар ўз нутқи давомида айбларига иқрор эмаслиги, уларга нотўғри айблов қўйилганини айтишган. 

“Айбланувчилар асосан давлатга хиёнат ва ҳокимиятни тортиб олишда айбланмоқда”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, Тожикистон собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий нафақага чиққанидан кейин ўзини бутунлай илм-фанга бағишлагани ва сиёсатдан узоқлашганини айтган. Тожикистон Республикаси социал-демократик партияси раҳбарининг биринчи ўринбосари, адвокат Шокиржон Ҳакимов ҳам ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, у “ҳақиқий ватанпарвар, ўз ҳаётини давлат ва халқ муаммоларини ҳал этишга бағишлаган”ини таъкидлаган. Якуний сўзларни айтганларнинг барчаси суддан уларни озод қилишни сўраган.

Маълум қилинишича, уларнинг аксарияти Тожикистон Жиноят кодексининг 305- (Давлатга хиёнат) ва 306-(Ҳокимиятни тортиб олиш) моддалари бўйича айбланмоқда. Айбланувчиларнинг бир қисми Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 247- (Фирибгарлик) ва 189- (Миллий, ирқий, маҳаллий ёки диний адоват қўзғатиш) моддалари билан айбланган.

Хабарда келтирилишича, жараён ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда ва бу ҳақдаги маълумотлар махфийлаштирилмоқда. Биринчи суд 14 ноябрь куни бўлиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Қорасой тумани суди 2022 йил январь ойидаги оммавий тартибсизликлар вақтида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларини қийноққа солган олти полиция ходимини уч йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарганди. Шунингдек, улар давлат хизматида ишлаш ҳуқуқидан ва махсус унвонлардан ҳам айрилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг