“Январь фожиаси”да ўзбекистонликларни қийноққа солган полициячилар қамалди

Олам

image

Қозоғистоннинг Қорасой тумани суди 2022 йил январь ойидаги оммавий тартибсизликлар вақтида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларини қийноққа солган олти полиция ходимини уч йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарди. Бу ҳақда суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2022 йил январь ойида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам бўлган 44 нафар жабрланувчи полиция бошқармасининг махсус қабулхонасига жойлаштирилган. Айбланувчилар ўз хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиб, қонунга зид ҳаракатлар содир этган ва жабрланувчиларни қийноққа солган.

Суд мазкур ҳолатни гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосалари ҳамда судда ўрганилган бошқа далиллар билан тўлиқ тасдиқлаган. Айбланувчилар Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-моддаси (Қийноқ қўллаш) ва 362-моддаси (Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айбдор деб топилган. Суд ҳукмига биноан жиноятларнинг йиғиндиси бўйича ҳар бир айбланувчи уч йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, улар давлат хизматида ишлаш ҳуқуқидан ва махсус унвонлардан ҳам айрилган.

Маълумот учун, 2022 йил январь ойида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар юз берган эди. Тартибсизликлар иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилган. Республика Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев буни давлат тўнтаришига уриниш деб атаб, КХШТдан ёрдам сўраган эди. 7 январга келиб вазият барқарорлашган, 19 январь куни эса бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат режими бекор қилинган. Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар оқибатида 238 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ одам жароҳат олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда ўзбекистонлик ҳайдовчини жароҳатлаган фуқарога жиноят иши қўзғатилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон ўзбекистонликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг