Покистонда россиялик сайёҳ ўғирлаб кетилди
Олам
−
29 Октябрь 2024
5553Покистоннинг Шимолий Вазиристон ҳудудида “Теҳрик-и-Толибон Покистон” гуруҳи жангарилари россиялик сайёҳни гаровга олиб, уни озод қилиш учун товон талаб қилмоқда. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Маълум бўлишича, олиб қочилган шахс Санкт-Петербургда яшовчи Василий бўлиб, у велосипедда саёҳат қилишга қизиқади ва видеоларини YouTube орқали баҳам кўради. Ўғрилар гаровдаги сайёҳнинг шахсини ошкор қилмаган бўлса-да, Россия элчихонаси билан музокара олиб бораётганини маълум қилган.
“Mash”нинг хабар беришича, гаровга олинган шахс блогер Вася Шупальце (ҳақиқий исми Игорь Бабко) бўлиши мумкин. У олиб қочилишидан олдин велосипедда Ҳиндистон, Мўғулистон ва Афғонистонни босиб ўтган ва маршрутини Покистонда якунлашни режалаштираётган бўлган.
Россия расмий идоралари бу ҳолатга ҳали изоҳ бермаган.
Маълумот учун, “Теҳрик-и-Толибон Покистон” Покистонда тақиқланган террористик ташкилот ҳисобланади. 2007 йил декабрида Байтуллоҳ Маҳсуд томонидан ташкил этилган бу тузилма асосан Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда фаолият юритади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Покистонда террор ҳужумлари сони ортиб бораётгани, улар учун жавобгарликни бўйнига олаётганлар орасида “Теҳрик-и-Толибон Покистон” ҳам борлиги хабар қилинганди.
LiveБарчаси
Самарқанд шаҳрида метро қурилади.
14 Январь