Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган кимсага максимал оғир жазо берилишини айтди
Crime
−
27 September 14519 2 minutes
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Намангандаги боғчада 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилиши кераклигини билдирди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
“Наманганда юз берган фожиа ҳақида менга хабар беришди. Бўлган воқеани эшитиб, ғазабим ичимга сиғмай кетди”, деб ёзди у.
Унинг фикрига кўра, бундай ваҳшиёна жиноятлар учун аслида ўлим жазосини қўллаш керак, бироқ амалдаги қонунчиликда олий жазо кўзда тутилмаган.
Саида Мирзиёева тегишли идораларга барча зарур кўрсатмалар берилганини ва жиноятни содир этган шахс қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилишини маълум қилди. Шунингдек, ўзининг бепарволиги билан ушбу қабоҳатга йўл очган ва норасида болани ҳимоя қила олмаган барча масъуллар ҳам жазоланади.
Президент Администрацияси раҳбарининг билдиришича, бундай турдаги жиноятлар учун жавобгарликни максимал даражада кучайтириш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К.М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритганди. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олганди.
Live
AllJizzaxda 10 yoshli qiz zo'rlandi
06 October