Тошкентда такси ҳайдовчисини урган блогер қамоққа олинди (видео)

Crime

image

Тошкентда такси ҳайдовчиси ва йўловчи ўртасидаги можаро ортидан ҳайдовчига куч ишлатган блогер қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот-мультимедиа маркази бошлиғи ўринбосари Қаҳрамон Худойберганов маълум қилди.

Қайд этилишича, блогер Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида қамоққа олинган.

Ўзи нима бўлган эди?

Жорий йилнинг 17 август куни Тошкентнинг Яшнобод туманида такси ҳайдовчиси ва йўловчи аёл ўртасида можаро юзага келгани ва можаро вақтида аёлнинг икки таниши бўлган блогерлар ҳам воқеа жойига келиб, ҳайдовчи билан жанжаллашгани ҳақида хабар берилган эди. Улар ҳайдовчини ҳақорат қилган ва унга нисбатан куч ишлатган.

Шундан сўнг, ҳайдовчи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Унда пешона ва энса соҳаларида шишлар, шунингдек, елка, ёнбош, кўкрак ва қорин соҳаларида шилинган жароҳатлар аниқланган.

Блогерлар эса дастлаб ҳайдовчини йўловчи аёлга нисбатан жинсий тегажоғликда айблаб, воқеа акс этган видеоларни тарқатган. Кейинчалик улар видеомурожаат билан чиқиб, жамоатчиликдан ўзларини оқлашда ёрдам сўраган. Кейин эса бу видеолар саҳифаларидан ўчирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда йўл-патруль хизмати инспекторининг қўлини автомобиль ойнаси орасида қисиб, машинани бошқариб кетган ҳайдовчи қамоққа олинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends