Бекободдаги корхона ҳавони меъёрдан минг баробардан зиёд ифлослантиргани маълум бўлди (видео)

Crime

−

image

Тошкент вилоятидаги корхоналардан бири ҳавога олтингугурт диоксидини белгиланган меъёрдан 1 533 баравар кўп чиқаргани аниқланди. “М.К.” корхонасига табиатга етказилган зарар учун 1 миллиард 630 миллион сўмдан ортиқ компенсация тўлови белгиланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

 

Маълум қилинишича, Экология полицияси ходимлари Бекобод шаҳридаги корхонанинг электрда пўлат эритиш ва ферроқотишмалар ишлаб чиқариш бўлинмаларини ўрганган.

Лаборатория таҳлилларида электрда пўлат эритиш бўлинмасидан чиқарилаётган ноорганик чанг миқдори меъёрдан 2,4 баравар, олтингугурт диоксиди 1 533 баравар, углерод оксиди эса 20 баравар юқори экани аниқланган.

Ферроқотишмалар ишлаб чиқариш бўлинмасида ҳам кўрсаткичлар белгиланган меъёрлардан ошган. Хусусан, ноорганик чанг 24,9 баравар, азот диоксиди 2,12 баравар, углерод оксиди эса 23,3 баравар кўп чиқарилган.

Шунингдек, электрда пўлат эритиш цехидаги чанг-газ тозалаш ускуналари самарали ишламагани сабабли ифлослантирувчи моддаларнинг бир қисми тўғридан тўғри атмосферага чиқиб кетгани қайд этилган.

Ўрганишда корхонада экологик экспертиза хулосалари талаблари тўлиқ бажарилмагани, айрим ифлослантирувчи манбаларда автоматлаштирилган мониторинг тизимлари ўрнатилмагани ва лаборатория назорати етарли даражада ташкил этилмагани ҳам аниқланган.

Аниқланган қонунбузилишлар учун корхонага 1 миллиард 630 миллион 920 минг 419 сўм компенсация тўлови ҳисобланган.

Бундан ташқари, корхонага чанг-газ тозалаш ускуналари фильтрларини тўлиқ алмаштириш, уларнинг самарадорлигини камида 95 фоизга етказиш, лаборатория назоратини кучайтириш ҳамда асосий ифлослантирувчи манбаларга автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида фаолият юритаётган 6 та корхона оқова сувларни етарли даражада тозаламасдан очиқ жойларга ташлаб келгани аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends