Тошкентда иссиқ сув сифати текширилиб, натижалар маълум қилинди
Local
−
09:08 1038 1 minute
Аввалроқ Тошкентнинг айрим туманларида аҳоли иссиқ сувдан бегона кимёвий ҳид келаётгани юзасидан шикоят қилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Эндиликда Тошкент иссиқлик электр маркази хизмат кўрсатадиган ҳудудда иссиқ сув сифати меъёрга келгани маълум қилинди. Бу ҳақда “Veolia Energy Tashkent” компанияси хабар берди.
Маълум бўлишича, сув намуналари ички лаборатория билан бир қаторда “Тошкент шаҳар сув таъминоти”нинг кимё-бактериология лабораториясида ҳам текширилган. Таҳлил натижаларида сувнинг ўрганилган кўрсаткичлари белгиланган меъёрларга мос экани ва ундан фойдаланиш мумкинлиги қайд этилган.
Шунингдек, компания пойтахтнинг иссиқлик таъминоти тизимида иситиш мавсумига тайёргарлик доирасида инфратузилмани янгилаш ва модернизация қилиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Компания иссиқ сув сифати билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолган истеъмолчилардан мутахассислар жойига чиқиб вазиятни ўрганиши учун 1347 қисқа рақамли колл-марказига мурожаат қилишни сўради.
Live
All