Қотиллик ва ўлим ҳақида видео тарқатган блогер қўлга олинди (видео)
Crime
−
09:24 1392 1 minute
Instagram’да Umr.Sham номи билан танилган блогер қотиллик ва ўлим саҳнаси акс этган видеони суратга олиб, тарқатгани учун қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, блогер яқинда хонанда Мубина Аббосхонованинг (Mubinlolo) клипига муносабат билдириб, видеоролик жойлаштирган. Унда хонанда ижодини миллий маънавиятга зид деб баҳолаган блогер уни ўлдириш ва жасадини қора пакетга солишга ишора қилувчи саҳналарни намойиш этган.
Ҳолат юзасидан Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари суриштирув ўтказиб, видео муаллифининг шахсини аниқлаган.
“Мана шу қилган контентим учун ҳаммадан узр сўрайман. Бу қилган ишимдан пушаймонман”, дея узр сўраган блогер.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Текширув якунига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ беҳаё чиқишлари ортидан жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган актриса Нилуфар Ҳамидова қамалгани ҳақида хабар берилган эди.