Тошкентнинг айрим туманларида иссиқ сув сифати ёмонлашди
Local
−
12:01 482 1 minute
Тошкентнинг Миробод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Юнусобод туманларида аҳоли иссиқ сувдан бегона кимёвий ҳид келаётгани ва унинг сифати юзасидан шикоят қилмоқда. Ҳолат бўйича сув намуналари олиниб, лаборатория текширувлари бошланди. Бу ҳақда “Veolia Energy Tashkent” компанияси маълум қилди.
Қайд этилишича, компания мутахассислари иссиқ сув сифати бўйича мурожаатлар келиб тушгач, зудлик билан жойларга чиқиб, сув намуналарини олган. Намуналар кимёвий-бактериологик ҳамда органолептик таҳлиллардан ўтказилади. Текширув натижалари якунлангач, улар эълон қилиниши билдирилган.
Компания изоҳига кўра, “Veolia Energy Tashkent” иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни турар жой биноларининг подвал қисмигача етказиб бериш ва тақсимлаш билан шуғулланади. Мазкур туманларга тармоқ суви эса ташқи етказиб берувчи – “Тошкент Иссиқлик Электр Маркази” АЖ томонидан узатилади.
Шунингдек, сув сифати билан боғлиқ маълумотлар етказиб берувчи корхонага юборилган. Бу орқали технологик жараённи меъёрлаштириш ва магистрал тармоқларни ювиш бўйича шошилинч чоралар кўриш режалаштирилган.
Билдирилишича, вазият назоратда ва сув таъминоти сифатини тез фурсатда меъёрга келтириш учун етказиб берувчи билан ҳамкорликда зарур чоралар кўрилмоқда. Ҳозирча лаборатория таҳлиллари натижалари эълон қилинмаган.
Live
All