НАТО Россияга чуқур зарбалар бериш имкониятини муҳокама қилмоқда – WSJ
World
−
12:13 736 2 minutes
НАТО Россия ҳудудининг ичкарисидаги ҳарбий базалар, қурол-яроғ омборлари ва саноат объектларига зарба бериш бўйича ёндашувини қайта кўриб чиқмоқда. Альянс узоқ масофага зарба берувчи қуроллардан фойдаланиш ва бунга қўйилган чекловларни бекор қилиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, жорий йилнинг июнь ойида НАТО тарихида илк бор душман ҳудудининг ичкарисига зарба бериш масаласига бағишланган симпозиум ўтказилган. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Алексус Гринкевич раҳбарлигида ташкил этилган тадбирда ушбу масала қўмондонлик-штаб машғулотлари доирасида ҳам муҳокама қилинган.
Янги ёндашув нафақат Россия қўшинларига, балки унинг ҳудудидаги ҳарбий базалар, омборлар ва саноат объектларига ҳам зарба беришни назарда тутади. Бунда узоқ масофага зарба бера оладиган юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Улар орасида қиммат ва нисбатан арзон қурол тизимлари ҳам бор.
НАТОнинг Европадаги бирлашган қуролли кучлари бош қўмондони Алексус Гринкевич октябрь ойида альянснинг “ғалаба назарияси“ни тақдим этган. Унга кўра, эҳтимолий ҳужум юз берган тақдирда уч босқичли режа амалга оширилади: дастлабки зарбани қайтариш, ҳужумнинг давом этишига тўсқинлик қилиш ва рақибнинг жанговар салоҳиятини пасайтириш.
Гринкевич Европада ҳарбий можаро муқаррар ёки яқин деб ҳисобламаслигини, бироқ НАТО юз бериши мумкин бўлган вазиятларга тайёр туриши кераклигини билдирган. Унинг айтишича, альянс рақибини стратегик мағлубиятга учратишни эмас, ўз ҳудудининг эгаллаб олинишига йўл қўймасликни мақсад қилган.
Россия Президенти Владимир Путин эса Москва ҳеч кимга таҳдид солмаслиги ва Европа билан урушишни истамаслигини бир неча бор билдирган. Унинг таъкидлашича, Россиянинг НАТО давлатлари билан урушиш учун геосиёсий, иқтисодий, сиёсий ёки ҳарбий манфаати йўқ.
Шу билан бирга, Путин Ғарбнинг узоқ масофага зарба берувчи қуролларидан Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун фойдаланилиши НАТО давлатлари, АҚШ ва Европа мамлакатлари Россия билан уруш олиб бораётганини англатишини айтган. У бундай қарор альянс давлатларининг ҳарбий можарода бевосита иштирок этиши ёки этмаслигини белгилашини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО Россия билан эҳтимолий ҳарбий тўқнашув юз берган тақдирда зарур бўладиган қўшинлар ва қурол-яроғ масаласини муҳокама қилишни бошлаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All