Каспийдаги фожиа: Қозоғистон Мудофаа вазири лавозимидан олинди

World

−

image

Қозоғистон Мудофаа вазири Даурен Косанов Каспий денгизида ҳарбий машғулотлар вақтида 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган фожиадан сўнг лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Администрациясининг Telegram-канали хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 27 сентябрь куни Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг фармони билан Даурен Жуматаевич Косанов Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазири лавозимидан озод этилган.

Маълумот учун, Даурен Косанов 2025 йилнинг 8 июнь куни Қозоғистон Мудофаа вазири этиб тайинланганди. Ушбу лавозимда у Руслан Жақсилиқовнинг ўрнини эгаллаган.

Манғистаудаги фожиа

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ўқув-жанговар топшириқни бажариш вақтида Каспий денгизи соҳилида метеорологик шароитнинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши сабабли ҳарбий хизматчилар денгизга оқиб кетган.

Мудофаа вазирлиги дастлабки маълумотларида денгизга 19 нафар ҳарбий хизматчи оқиб кетганини билдирган эди. Ўша пайтда 9 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлгани қайд этилган. Кейинроқ, Манғистау вилояти ҳокимлиги денгизга оқиб кетганлар сони 17 нафар эканини маълум қилди.

Ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлганидан сўнг ҳукумат комиссияси тузилган, ҳодиса жойига Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев юборилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва фожиани тергов қилиш бўйича топшириқлар берган. Бундан ташқари ҳодиса ортидан мамлакат Мудофаа вазирлигининг 5 нафар мансабдор шахси қўлга олинган.

Оқтовда Шаҳар куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбирлари бекор қилинган. Қосим-Жомарт Тўқаев 25 сентябрь кунини Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фожиа муносабати билан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади. 

Маълумотларга кўра, ҳалок бўлган ҳарбийлар рўйхатида 2006 йилда Қорақалпоғистонда туғилган Олмос Юсуф ўғли Кобенов ҳам бор.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends