Ўзбекистонликлардан Қозоғистонга киришда электрон рухсатнома сўраш бошланди
World
−
14:24 1075 2 minutes
Қозоғистонга визасиз сафар қилиш ҳуқуқига эга бўлган давлатлар фуқаролари учун кеча, 1 ноябрдан QazETA электрон рухсатномалар тизимини жорий этиш бошланди. Ушбу янгилик Ўзбекистон фуқароларига ҳам тегишли. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Ҳозирча рухсатнома олиш мажбурий эмас. Бу талаб 2027 йил 1 июлдан кучга киради. Тизимни жорий этиш Қозоғистон ҳукуматининг 2026 йил 10 октябрдаги қарори билан тасдиқланган бўлиб, ҳужжатлар давлатнинг рақамли платформаси орқали расмийлаштирилади.
2026 йил 1 ноябрдан бошланган дастлабки босқичда QazETA рухсатномаси бўлмагани учун фуқароларнинг мамлакатга кириши рад этилмайди. Чегара хизмати ходимлари сафарчилардан рухсатнома бор-йўқлигини сўрайди ва уни олиш тартибини тушунтиради.
Электрон рухсатномани қандай олиш мумкин?
QazETA расмийлаштириш учун QazETA.kz веб-сайти ёки махсус мобил илова орқали мурожаат қилиш мумкин. Дастлаб рўйхатдан ўтиш ва паспорт маълумотлари асосида шахсни тасдиқлаш талаб этилади. Кейин сафарга оид маълумотлар киритилиб, электрон ариза юборилади. Ариза маъқуллангач, рухсатнома электрон шаклда тақдим этилади.
Рухсатнома олиш учун тўлов ундирилмайди. Бироқ ариза Қозоғистонга боришдан камида 72 соат олдин топширилиши керак. Электрон ҳужжат 180 кун давомида амал қилади. Бу муддат мамлакатда қолиш учун рухсат этилган даврни узайтирмайди.
Қайси фуқаролар рухсатнома олишдан озод қилинади?
QazETA талаблари 16 ёшга тўлмаган болалар, 65 ёшдан ошган фуқаролар ва Қозоғистонда яшаш гувоҳномасига эга шахсларга татбиқ этилмайди. Бундан ташқари, дипломатлар, расмий делегация вакиллари, халқаро ташкилотлар ходимлари, ҳаво ва денгиз кемалари экипажлари, поезд бригадалари, қочқинлар ҳамда бошпана изловчиларнинг айрим тоифалари ҳам рухсатнома расмийлаштиришдан озод этилган.
Тизим қайси чегара пунктларида ишлайди?
QazETA бўйича текширувлар 1 ноябрдан Оқтов аэропорти ва тўртта автомобил чегара-ўтказиш пунктида бошланади. Улар қуйидагилар:
- Павлодар вилоятидаги “Урлютобе”;
- Жамбил вилоятидаги “Аухатти”;
- Туркистон вилоятидаги “Атамекен”;
- Жетису вилоятидаги “Нурли Жол”.
2027 йил 1 январдан тизим Остона ва Олмаота аэропортларида ҳам ишга туширилади. Шу йил 1 мартдан эса қолган чегара ўтказиш пунктларида ҳам жорий этилади.
Қозоғистон чегарасидан ўтиш вақтида электрон рухсатнома олишда фойдаланилган паспортни кўрсатиш талаб этилади. Шу билан бирга, QazETA мавжудлиги мамлакатга киришни кафолатламайди. Чегарадан ўтказиш бўйича якуний қарорни ваколатли орган қабул қилади.
Live
All01 November
01 November
01 November