Тўқаев Мудофаа вазирини алмаштирди

Олам

image

Кеча, 8 июнь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Мудофаа вазири Руслан Жақсилиқовни лавозимидан озод қилиб, унинг ўрнига Даурен Косановни тайинлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди. 

Жақсилиқов 2022 йил январидан буён Қозоғистон Мудофаа вазирлигига раҳбарлик қилиб келган. 2024 йил февралида эса қайта тайинланган. Бунгача у Ички ишлар вазири ўринбосари, Миллий гвардия бош қўмондон сифатида ишлаган.

Маҳаллий ОАВга кўра, у Мудофаа вазири бўлган вақт мобайнида вазирлик фаолиятига нисбатан бир неча бор танқидлар янграган. Хусусан, “Ulys Media”нинг ёзишича, айниқса, ҳарбийлар ўртасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари юзасидан эътирозлар кўп бўлган. 2022 йил июнида “Orda.kz” нашри армияда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ортиб бораётганини маълум қилган, аммо бу қачондан бошланганини ёки қандай миқдорда ортганини кўрсатмаган. Ўша пайтда Жақсилиқов бу масалага изоҳ берар экан, “ҳарбий хизматчилар ўз муаммолари билан армияга келади, фақат армияни айблаб бўлмайди,” деган.

2023 йил ноябрида журналистлар ўз жонига қасд ҳолатлари ҳақида изоҳ сўраганда Жақсиқлиқов ушбу ҳолатларнинг аксарияти ҳарбий хизмат билан боғлиқ эмаслигини айтган.

“Суицидларнинг 99 фоизи ҳарбий хизмат билан боғлиқ эмас. “Дедовшина” ижтимоий ҳодиса сифатида энди йўқ. Аскарлар атиги бир йил хизмат қилади. Бу ерда шахсий зиддиятлар билан боғлиқ муаммолар бор”, дея жавоб берган.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги расмий сайтида келтирилган маълумотга кўра, янги тайинланган вазир Даурен Косанов 1990 йилда Армавир Олий ҳарбий авиация учувчилар билим юртини, 2005 йилда Юрий Гагарин номидаги Ҳарбий-ҳаво академиясини, 2013 йилда эса Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Бош штаби Ҳарбий академиясини тамомлаган.

“Қозоғистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Қосим-Жомарт Тўқаев Мудофаа вазири Даурен Косановни қабул қилди. Учрашув чоғида давлат раҳбари армиянинг жанговар шайлигини мустаҳкамлаш, бошқарув тизимига рақамли ечимларни жорий этиш, махсус операция кучларининг салоҳиятини кенгайтириш, ижтимоий ва мафкуравий ишлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, ҳарбий инфратузилмани модернизация қилиш билан боғлиқ бир қатор аниқ топшириқларни берди”, дейилади Оқўрда матбуот хизмати хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов Даурен Косанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг