Боғчадаги фожиа: 3 яшар боланинг заҳарланиши бўйича жиноят иши қўзғатилди
Crime
−
14:27 1313 2 minutes
Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳридаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 3 яшар тарбияланувчи ҳашаротларга қарши кимёвий воситани билмасдан ичиб қўйиб, вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 28 август куни Оҳангарон шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси (16.07.2023 йилда туғилган ўғил бола) ушбу ташкилотнинг ошхонасида турган хашоратларга қарши дори воситасини истеъмол қилиб заҳарланган. Шаҳар Тиббиёт бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 2026 йил 30 август куни вафот этган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 1 нафар шахс гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
“Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиб, ҳар бир аниқланган ҳолатга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилади. Тергов натижалари ҳақида қонунчиликда белгиланган тартибда маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Намангандаги боғчада фожиа
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган.
Live
All