Бекмурод Абдуллаев айбсиз деб топилгани айтилди (видео)
Local
−
12:36 5105 2 minutes
Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва у билан судланган бошқа ходимлар айбсиз деб топилган. Бу ҳақда бугун, 9 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги томонидан “Қонун устуворлиги ва жамоат хавфсизлиги: Ички ишлар органларининг 9 ойлик фаолият якунлари ва устувор вазифалар” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов маълум қилди.
“Ушбу раҳбар ходимимиздан бошқа раҳбар ходимлар ва оддий ходимларнинг ҳам айбсизлик масаласи аниқ белгилаб берилди”, дейди Рамазон Ашропов.
Шунингдек, у масалани ушбу матбуот анжуманида муҳокама қилиш ноўрин эканини, чунки тергов қилган орган бошқа, кўриб чиқиб, ҳукм ўқиган идора бошқа эканини билдирган.
“Улар бўйича ҳам анжуман ўтказилади ва ўша тергов қилган ҳамда ҳукм чиқарган идорадан сўрайсиз, саволларингиз бўлса. Бу масалада биз умумий қилиб айтишимиз мумкин: битта Абдуллаев эмас, у ерда бошқа раҳбар ёки ходимларнинг айбсизлик масаласи ҳам тўлиқ кўриб чиқилган”, дейди Ички ишлар вазири ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг апрелида Ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган Бекмурод Абдуллаев 2025 йилнинг 3 ноябрь куни ишдан бўшатилди. 2026 йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Қўриқлаш бошқармасида ўтган видеоселектор йиғилишида Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги давлат харидлари доирасида 186 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани бўйича жиноят иши қўзғатилгани, вазир ўринбосари қамоққа олингани айтилди. Апрель ойининг ўрталарига келиб, Бекмурод Абдуллаев томонидан давлатга етказилган зарар қоплаб берилгани учун озодликка чиққани ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари бу хабарларни тасдиқлагани йўқ, лекин рад ҳам этмади.
Кейинроқ, Бекмурод Абдуллаев, Рустам Турсунов ва яна 28 кишига оид жиноят иши шахсий ҳаётга оид ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган бошқа маълумотлар мавжудлиги сабабли ёпиқ суд мажлисида кўрилаётгани айтилди. Суд якунлари бўйича эса расмий маълумот берилмади. QALAMPIR.UZ’даги маълумотларга кўра, Бекмурод Абдуллаевга қўйилган айбловлар ўз исботини топмаган ва у оқланган.
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи лавозимига тайинлангани маълум бўлди.
Live
All